Президент Оқдарё туманидаги “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикасида бўлди.
Ўтган йили ноябрда иш бошлаган ушбу корхонада 20 хилдаги трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда тўрт юздан ортиқ хотин-қизлар ҳамда коллеж битирувчилари меҳнат қилмоқда.
Энг муҳими, корхона маҳсулотларининг бозори аниқ. Россиянинг “OODJI” компанияси билан шартнома имзоланган. Экспорт географиясини кенгайтириш режалаштирилган.
Президент фабриканинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди, ходимлар билан суҳбатлашди.
Шавкат Мирзиёев бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарор қилиш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини, шу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Шу ерда енгил саноат ва гидро энергетика соҳаларидаги имкониятлар, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.