Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 31 октябрь куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга икки томонлама муносабатлар тарихидаги қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 20 йиллиги муносабати билан табрик мактуби йўллади.
Давлатимиз раҳбари қардош Қозоғистон халқини самимий табриклаб, ушбу муҳим ҳужжатда умумий тарих, маънавий ва маданий муштараклик билан боғланган мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлиги белгилаб қўйилганини таъкидлаган.
Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳамда Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларациянинг имзоланиши ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда янги босқич бўлгани қайд этилган.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ўтказилаётган маданий-гуманитар ва ишбилармонлик тадбирлари халқларимиз яқинлигининг ёрқин ифодасидир, дейилган мактубда.