Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 август куни Шайхонтоҳур тумани иқтисодиётини ривожлантириш, уй-жой-коммунал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича йиғилиш ўтказди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш учун республика бюджетидан етарли маблағ ажратилмоқда. Прогноздан ошган солиқ тушумлари маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдирилиб, уларни сарфлаш бўйича маҳаллий ҳокимликларга кенг ваколатлар берилмоқда.
Масалан, жорий йилда Тошкент шаҳрида прогнозга нисбатан 2 триллион сўмга кўп солиқ тушиб, маҳаллий бюджетда 1,5 триллион сўми қолиши кутилмоқда. Бу 2017 йилга нисбатан 10 баробар кўпдир.
«Тошкентга ҳеч қачон бунча пул берилмаган. Биз нега 1,5 триллион сўмни шаҳарнинг ўзида қолдиряпмиз? Тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш учун, одамларнинг маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойлар, боғчалар қуриш, иш ўринлари яратиш учун. Энди жойлардаги раҳбарлар ҳам ўзини қийнаши, садоқат билан ишлаши керак. Четдан келиб ҳеч ким ҳеч қачон қилиб бермайди» деди Президентимиз, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.