Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда журналистлар, блогерлар ўртасида бир мавзу “айланиб” юрибди. Яъни, Олий Мажлис Сенатининг шу йил 18 декабрда ўтказилган ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиши масаласи киритилганию сўнг кун тартибидан чиқариб ташлангани, Конституцияга ўзи айнан қандай ўзгартиришлар киритилаётгани, унинг асослари нималардан иборатлиги ҳақида жамоатчиликда саволлар пайдо бўлмоқда.
Мен ана шу муҳокамаларни диққат билан кузатиб келаётган, қонун ижодкорлиги жараёнларидан яхши хабардор бир депутат сифатида айрим фикрларни билдиришни лозим топдим.
Аввало, жамоатчилик кўтараётган муҳокаманинг моҳияти нимада, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 6034-сонли Фармонида 2021 йил 1 январдан умумюрисдикция судларини ташкил этиш хусусида устувор вазифалар белгилаб берилган.
Аввало, мазкур Фармоннинг 1-бандида Олий суд томонидан Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини сақлаб қолган ҳолда туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судларини ташкил этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълум қилинган эди. Яъни, жамоатчилик бу борада 24 июлдаёқ хабардор этилган.
Табиийки, бундай ўзгаришларни аввал Конституцияда акс эттириш тақозо қилинади.
Шу ўринда синовдан ўтаётган анча йиллик бир тажрибамизни айтиб ўтсам. Одатда юртимизда кўплаб соҳаларда муҳим институционал ўзгаришлар бўлиши кутилса, парламент унинг ҳуқуқий асосларини яратиш устида олдиндан бош қотиради. Чунки, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини қачон тайёрлаб, қачон киритишини кутиб ўтириш кўпинча вақтни бой беришга олиб келади, холос.
Шу нуқтаи назардан, Қонунчилик палатаси Президентимиз Фармони эълон қилинган кундан бошлаб ўзининг тайёргарлик ишларини бошлаб юборган эди.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги бу каби жуда муҳим ўзгаришларни, аввало, соҳа мутахассислари, экспертлар, шунингдек, жамоатчилик билан кенг муҳокама қилиш эҳтиёжидан келиб чиқиб, жойларда қатор тадбирлар, ўрганишлар ҳам ўтказилди.
Хусусан, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан жамоатчиликнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга нисбатан муносабатини ўрганиш мақсадида мамлакатимиз ҳудудларида судьялар, адвокатлар, секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда фуқаролар билан бир неча маротаба учрашувлар ўтказилди.
Ушбу учрашувларда келиб тушган 200 дан зиёд таклиф ва мулоҳазалар таҳлил қилинди.
Ўрганиш натижаларига кўра, жойларда суд тизимида фуқароларнинг талаб ва истакларини адолатли амалга оширишда тўсиқ бўлаётган муаммо ҳамда камчиликлар, одил судловни таъминлашда мавжуд тўсиқлар чуқур таҳлил қилиниб, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Қолаверса, айни масала бўйича мамлакатимиз Президенти ҳузурида 30 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан 16-19 сентябрь кунлари ҳудудларда одил судловни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати яна кенг кўламда ўрганилди.
Қонунчилик палатасининг 50 нафар депутатидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳлар ҳудудларга чиқиб, секторлар раҳбарлари, тадбиркорлар, судьялар, суриштирув ва тергов органлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилиб, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди, тўпланиб қолган масалаларни ўрганди. Ўрганишлар давомида тергов ва суд органларига монеликсиз мурожаат қилиш имконияти, уларда фуқароларни қабул қилиш учун яратилган шароитлар, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилининг амалда қисқарганлик даражаси чуқур таҳлил қилинди.
Ҳудудларда одил судловга эришиш масалалари юзасидан аҳолининг фикрини атрофлича ўрганиш мақсадида депутатлар томонидан аноним сўровлар ўтказилиб, уларда 3 мингга яқин респондент иштирок этди.
Ўрганишлар якунлари халқ депутатлари 14 та туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларида танқидий кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бу жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида биринчи манба яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб- сайтида тизимли равишда ёритиб борилди. Қолаверса, Олий Мажлис муассислигидаги “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари, марказий ва маҳаллий телеканалларда ёритилди. Журналист ёки блогер бирон бир материални тайёрлашдан аввал уни яхшилаб ўрганиши керак эмасми? Унда холислик ва объективлик қаерда қолади? Бугун очиқлик бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг бевосита ижрочиларидан бири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси десак, муболаға бўлмайди. Биз – депутатлар фаолиятимизни кенг оммага етказишда ҳам айнан журналист ва блогерларнинг адолатли ва холис ёндашувига таянамиз.
Депутатларнинг жойларда олиб борган ана шундай кенг кўламли ўрганишлари, ўтказилган сўровлар, маҳаллий кенгашлар сессияларида халқимиз, жамоатчилик вакиллари билан ўтган муҳокамалар, Қонунчилик палатасида бир неча маротаба ташкил этилган семинар ва анжуманлар бежизга эмас эди, албатта.
Буларнинг барчаси судлар тизимидаги институционал ўзгаришларни кўзда тутувчи қонун лойиҳаларини ҳар томонлама пишиқ-пухта бўлишини таъминлаш, муҳокамалар жараёнида масалага жойлардаги дуч келинаётган реал муаммолар нуқтаи назаридан ёндашиш учун асқотиши табиий эди. Ва шундай бўлди ҳам.
Олий суд томонидан жорий йил ноябрь ойида Қонунчилик палатасига киритилган мазкур қонун лойиҳаси дастлаб ишчи гуруҳда, сўнг қўмиталарда, сиёсий партиялар фракцияларида обдон муҳокамалардан ўтказилди. Депутатлар, судьялар, адвокатлар, олимлар, экспертлар иштирокида бир неча бор ишланди.
Муҳокамалар жараёни хусусида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида, марказий оммавий ахборот воситаларида ёритилди. Қолаверса, депутатларнинг ижимтоий тармоқлардаги саҳифаларида ахборот ва муносабатлари эълон қилинди.
Бошқача айтганда, Конституцияга киритилиши кўзда тутилган ўзгартишлар, айрим ҳурматли блогерларимиз айтганидек, жамоатчиликдан “сир” тутилгани йўқ.
Келинг, яхшиси, хулоса чиқаришдан кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасининг ўзини ўқийлик: “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин”.
Эътибор беринг: ушбу модда моҳиятида Конституцияга ўзгартиш тегишли таклиф киритилгандан сўнг олти ой мобайнида, кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда, қонун қабул қилиши мумкинлиги айтиляпти. Яъни, олти ойлик муддат лойиҳани муҳокама этишга эмас, уни қабул қилиш учун бериляпти.
Қонунни қабул қилиш учун у аввал Қонунчилик палатасида, сўнг Сенатда кўриб чиқилишини эътиборга олсак, бу муддат қанчалик аҳамиятга эга эканлиги яққол англашилади. Яъни, қонунни қабул қилиш муддати олти ойдан ошмаслиги шарт. Бу эса, палаталар етарлича муҳокамани ташкил этиб, лойиҳани маромига етказган бўлса, истаса, уни бир ё икки ойда ҳам қабул қилиши мумкинлигини билдиради.
Нима бўлган тақдирда ҳам, мазкур қонуннинг қабул қилиниши жамоатчиликдан сир тутилгани йўқ. Бугунги очиқлик-шаффофлик, ошкоралик даврида бунга эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Чунки, мазкур қонун ҳам, бошқалари каби халқимиз учун кўп афзалликларни юзага келтиради. Фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилинишига имкон яратади. Суд тизимини бошқариш масалаларининг такомиллаштирилишига, шунингдек вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ишини янада яхшилашга туртки беради.
Шуҳрат ПОЛВОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари
Манбаа: parliament.gov.uz