Мустақил Ўзбекистон

0
2686
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида шундай дейилади: “1 Сентябрь – Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл – юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келади”.

Дарҳақиқат,”Ўзбекистон мустақиллиги она халқимизга XX аср сўнгида насиб этган улкан тарихий ғалаба эканлигини ўтган йигирма олти йил исбот этди. 1991 йил 31 августда республикамиз Мустақил деб эълон этилди. Мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олди. Ўзбекистон 250 дан ортиқ давлат билан дипломатик алоқа ўрнатди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида байроғимиз ҳилпираб турибди.

Халқимиз танлаган йўл тинчлик, босқичма – босқич тараққиёт йўлидир. Бугунги кунда ўзбек моделини дунё эътироф этди

Мустақиллик йилларида республикада пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, пиллачилик, мева-сабзавотчилик соҳалари, саноатнинг газ, нефт, қимматбаҳо металлар қазиб чиқариш турлари кенг ривож топди. Нефтни қайта ишлайдиган янги замонавий завод барпо этилди. Мавжудлари модернизация ва реконструкция қилинди Шўртон газ-кимё мажмуаси каби ноёб корхоналарда тайёрланаётган суюлтирилган газ, турли маркадаги полиэтилен ва бошқа маҳсулотларга талаб нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда ҳам катта.

Нефт ишлаб чиқариш 1990 йилга нисбатан уч баравар ортди. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолининг ўсиб келаётган талабини таъминлаш билан бирга экспорт ҳажмини ҳам кўпайтиришга эришди. Андижон, Самарқанд Хоразм вилоятларида автомобил заводлари барпо этилгани туфайли мустақиллик йилларида автомобиллар сони кескин ошди. Ва ҳар юз оиланинг автомобил билан таъминлаш даражаси, бир неча баравар ўсди. Ўз-ўзидан аёнки мамлакатимизда бензин ва ёқилғи – мойлаш маҳсулотларига бўлган талаб ҳам шунга мос равишда ўсмоқда.

Қишлоқ хўжалигига, масалан, ғаллачилик ривожига эътибор берсак ҳам ана шундай улуғвор юксалишларни кўриш мумкин. Мустақилликнинг илк йилларида аҳоли эҳтиёжлари учун ғалла ташқаридан келтирилган бўлса, бугун Ўзбекистон Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги таркибидаги қўшни мамлакатларга, шунингдек, Афгонистон, Эрон ва бошқа давлатларга ғалла ва ун маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ўзбек ҳалқининг ризқи, нони бутун бўлди. Етиштирилаётган ғалланинг юз фоизи фермер хўжаликлари томонидан тайёрланаётганлиги уларнинг эгалик ҳиссиёти, манфаатдорлик ва маъсулият туйғуси кучайиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек мамлакатимиз пахта етиштиришда жаҳонда бешинчи ўринда туради.

Истиқлол туфайли мамлакатимиз пойтахти-Тошкент “Ислом маданияти пойтахти” деб улуғланди!

Ўзбекистон қадим юрт. Ер юзидаги биринчи қадимий қўл ёзма китоб”Авесто”нинг ватани ҳам бизнинг мамлакатимиз. Ҳозир юртимизда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби қадимий обидаларга бой машҳур шаҳарларимиз мавжуд.

Мамлакатимиз ҳудудининг катталиги жиҳатдан жаҳонда 55 ўринда бўлиб, 447 минг 400 км/квни ташкил қилади. Аҳоли сони жиҳатидан 42 ўринда туради, ўттиз миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади.

 Аждоду авлодлар ўртасидаги маънавий кўприк. Мустақилликнинг биринчи куниданоқ мамлакатимизда азалий ва аввалий миллий қадриятларимизга, қадимий маданий обидаларимизни таъмирлашга, буюк алломаларимизнинг номларини қайта тиклашга алоҳида эътибор берила бошланди.

Ҳозир Ўзбекистонда 74 тадан ортиқ қадимий зиёратгоҳ мавжуд. Улар мамлакатимизда яшаб ўтган алломаларнинг номлари билан боғлиқ Ўзбекистонда асрлар мобайнида яратилган, ривожлантирилган ғоят катта илм, мўъжизакор ижодий меҳнат бор. Жаҳон илм дурдонасига беҳисоб ҳисса қўшган буюк ўғлонлари, ўз замонасининг султонлари яшаб ўтган! Бугунги кунда жаҳон бўйича ишлатилаётган 1 дан 9 гача бўлган рақамларга нолни киритиб, ХХ аср фани – кибернетикага асос солган олим деярли 1200 йил аввал яшаб ўтган бизнинг аждодимиз – ал-Хоразмий! Алгебра фани, машҳур алломанинг исми билан боғлиқлиги, яъни ал-Жабр бора-бора алгебрага айланганини, Алгаритм сўзи Ал-Хоразмий сўзининг ассимилиацияга учраган шакли эканлигини ва бизнинг авлод уни ўқиб математикани ўрганаётганлигини бугунги кунда жаҳон аҳли тан оляпти.

Ернинг думалоқ шаклда эканлигини исботлаб, дунё харитасини тузган ва уни глобус шаклида биринчи акс эттирган энциклопедик олим ҳам Ал Хоразмийга замондош. юртдошимиз Абу Райҳон Беруний эканлигини ўқувчилар онги-шуурига қайта-қайта қуйиш анъанага айланганлиги кишида ифтихор туйғусини юксалтиради.

Мукаммал тиббиёт қонунларини яратган Беруний ва Хоразмийларнинг замондоши Абу Али ибн Сино китобларидан жаҳон тиббиётида ҳамон дастуруламал сифатида фойдаланилмоқда. Агар эътибор берсак, “Тиб қонунлари”да мураккаб жарроҳликдан тортиб, оддий овқатланиш маданиятигача ўргатилган. Инсон саломатлигини авайлаш аввало ўзидан, оддий овқатланиш маданиятидан бошланади, деган ўгитлари бугунги кунда ҳар бир фарзандга сингдирилмоқда?!

Дарёлар сувини ўлчайдиган ускуна яратган ва дастлаб Нилнинг сув ҳажмию сиғимини ўлчаб берган бизнинг ватандошимиз ва юқорида тилга олинган алломаларга замондош ал-Фарғоний!

“Зижи Курогоний” асарида юлдузлар жадвалини тузиб фалакиёт илмини дунёга танитган ҳам 14 асарда яшаб ўтган бизнинг аждодимиз Мирзо Улуғбек!

Ҳазрат Алишер Навоий сатрлари билан таърифу тавсифласак:

Темурхон наслидан султон Улуғбек

Ки олам кўрмади султон анингдек.

Уларга деярли замондош Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Мажолис-ул-нафоис” ва Насоимул-муҳаббат” асарларида аждодларимизнинг таърифу-тавсифлари гўзал ифода этилган 500 дан ортиқ шоиру фузалони эътироф этганлар. Аждодларимиздан урф бўлган бу анъанани келгуси авлодларимизга етказиш бизнинг бурчимиз. Беруний, Хоразмий, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғларимиз навқирон авлоднинг ғурур тоғларидир. Мамлакатимиз истиқлоли туфайли Ислом маданияти ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Замахшарий, Имом Бухорий, Мотуридий каби алломаларнинг китоблари ўрганила бошланди

Дарҳақиқат, Туронзамин садоси – маънавияти, маданияти, маърифати дунё каби қадимий ва улуғвор! Аждодларимиз меҳнатининг маҳсули бўлмиш ғоят қимматли ва энг қадимий қўлёзма “Авесто”даги гўзал битиклар ҳам ана шундан далолат беради. Эрамиздан олдинги даврда яратилган ёзма манба “Авесто”да оламни мунаввар қилувчи қуёш Шарқдан чиқиши тилга олинади. Зеро, қуёш билан олам мунавварлашади, жамики табиату мавжудот ҳаракатга келади.

Зеро, табиат ўз қуёши билан, инсон ўз ижодий фаолияти билан ажралиб туради. Биз дунёга машҳур алломаларни бежиз тилга олмадик. Улар аждодларни авлодларга боғловчи маънавий кўприклардир. Уларнинг ҳаёт йўли ёшларимиз учун ёрқин ибратдир. Ҳукуматимизнинг мақсаду муддаоси ҳам шу – миллатнинг юзи бўладиган, буюк Ватанимизга муносиб комил инсон тарбиялаш, яъни ранго-ранг “қадимий гуллар”га ҳамоҳанг “жажжи чечакларни” парваришлашдир.

Баркамол авлод тарбияси-юртимиз келажаги

Мамлакатимизда баркамол авлод тарбиялашга мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Комил фарзанд тарбиялаш вазифасига бевосита катта куч сарфлайдиган хотин – қизларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор берилди. Чунки, жуда кўп мамлакатларда бўлгани каби мамлакатимиз аҳолисининг 51,2 фоизини хотин – қизлар ташкил этади. Уларнинг иктисодий, сиёсий, ижтимоий жараёнларида фаол иштирок этиши жамиятнинг ҳуқуқий давлат сари барқарор ривожланишининг, салоҳиятли фарзандлар тарбиялашнинг муҳим омилларидан биридир Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов шундай деб таъкидлаган эдилар:”Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, аёлларга Шарқона эҳтиром ва эъзоз биз учун ибратли меросдир”. Дарҳақиқат аёлга эҳтиром юрт келажаги-фарзандларимизга эътибор демакдир. Чунки фарзандлар тарбияси уларнинг қўлида. Шунинг учун юртимизда аёлларнинг муаммолари билан боғлиқ сиёсатни амалга оширувчи тизим ишлаб турибди. Республика хотин – қизлар қўмитасининг раҳбари айни пайтда Бош вазир ўринбосари ҳисобланади. Вилоят ва туман хотин – қизлар қўмиталарининг раислари ҳоким ўринбосари мақомида фаолият юритишади. Улар хотин – қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб қувватлаб салоҳиятини рўёбга чиқаришда самарали таъсир ўтказмоқдалар.

Бугунги кунда оила, оналик, болалик ижтимоий муҳофазасини ва аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи Ўзбекистон Республикасининг 80 яқин қонуни ва қонун ости ҳужжатлари мавжуд.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ушбу йўналишдаги халқаро ҳуқуқий нормаларга ҳам қўшилган. Масалан, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган ва 1981 йили кучга кирган”Хотин – қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвециясини Ўзбекистон Республикаси Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, 1995 йили ратификация қилган. Мазкур конвенция 30 моддадан иборат бўлиб, унда хотин – қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, тенг ҳуқуқлилиги белгиланган.

Сиёсатчи аёлларни юзага чиқарадиган ҳуқуқий омиллардан бири парламент сайловларида аёлларга квота белгиланганлигидир.

Сиёсий партиялардан Парламентга номзод кўрсатилаётганда аёлларга 30 фоизлик квота белгиланди. Сайлов қонунчилигимизни бу тариқа такомиллаштирилиши миллий хусусиятларимиздан келиб чиқди. Натижада аёлларнинг Миллий қонунчиликдаги фаол иштирокини таъминлади. Ушбу квота белгиланганлиги туфайли парламент аъзолари бўлган аёллар сони аввалги парламент сайловига кўра кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида “Маънавият – энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз” деган тамойилга мувофиқ, аҳолининг маданий савиясини юксалтириш, ёшлар ўртасида китобхонлик, жумладан, электрон китобхонликни ривожлантириш, ижодкор зиёлиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва уларнинг ютуқларини тарғиб этиш борасидаги ишларни кенг акс эттириш” лозимлигини таъкидланди. Шунингдек қарорда таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали олиб боришга қаратилган ишларга алоҳида урғу берилди.

Келажакда бу давр жамиятимизда аёлларни улуғлаш, уларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини давлат томонидан ҳимоя қилиш, пировардида комил фарзанд тарбиялаш, умуман оила, оналик ва болаликнинг ижтимоий муҳофазаси даври сифатида тарихда ўчмас из қолдиради.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.