Ўзбекистон ва Қозоғистон сенаторларининг Сариағаш шаҳридаги учрашуви

0
132
марта кўрилган.

2018 йил 4 июнь куни Сариағаш шаҳрида (Жанубий Қозоғистон вилояти) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенатининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари ва аъзоларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясига Алишер Курманов раҳбарлик қилди.

Қозоғистон делегациясига Дариға Назарбоева бошчилик қилди.

Учрашув чоғида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларида минтақалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, юксак ва олий даражаларда эришилган келишувларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама этилди.

Томонлар кейинги икки йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан янги даражага кўтарилганини қайд этдилар. Ушбу муносабатлар икки қардош мамлакатнинг бирлигига, ажралмас, узоқ муддатли стратегик манфаатларига асосланган.

Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар билан таништирилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарадош вилоятлари раҳбарлари ўтиш-назорат пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, савдо-сотиқ, туризм, аэрокосмик соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, биргаликда маданий тадбирларни ўтказишга доир ишларни давом эттириш долзарб эканини таъкидладилар. Қозоғистон томони чегарадош ҳудудларда қўшма корхоналар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича томонларнинг имкониятларидан янада самарали фойдаланишни таклиф этди, ерларни ўрганиш, телевизион дастурлар алмашиш ва бошқа масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар парламент аъзоларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш ва ҳам Ўзбекистонда, ҳам Қозоғистонда ўтказиладиган парламент тадбирларида биргаликда иштирок этиш тўғрисида келишиб олдилар.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.