Сочи шаҳрида ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Prezident. uz сайтида.
Шавкат Мирзиёев ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойиганини алоҳида таъкидлади.
Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Сочига ташрифи билан қутлаб, Президентимизнинг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани ва бу ўз самараларини бераётганини қайд этди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифидан сўнг ўтган қисқа даврда ўзаро алоқалар сезилари фаоллашди. Ҳамкорлик доирасига янги соҳалар қўшилди. Кейинги ойларда ҳукуматлараро ва ҳудудлараро даражада бир қанча ташрифлар амалга оширилди.
Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан. Мамлакатимизда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган.
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришди.
Саноат тармоқлари ўртасида кооперация кучаяётгани, бизнес вакиллари ҳамкорлиги кенгаяётгани, халқларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди.