Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Таълим ва тиббиёт энг муҳим ва кенг қамровли ижтимоий соҳалардир. Шу боис ислоҳотларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида бу соҳаларда Лойиҳа офислари ташкил этилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 январдаги қарорига мувофиқ тузилган Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилган.
Тақдимотда ушбу йўналишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Мамлакатимизда ҳаёт сифатига бевосита дахлдор бу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги 7 йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми 5,9 триллион сўмдан 33,5 триллион сўмга, яъни 6 баробар оширилди. Шифохоналар замонавий жиҳозланиб, янгилари барпо этилмоқда. Тиббиётни халққа яқинлаштириш мақсадида жойларда скрининг текширувлари ўтказилмоқда.
Таҳлилларга кўра, соҳада аҳоли мурожаатларининг 30 фоизигина бирламчи бўғинда ҳал бўлаяпти. Айрим касалликлар бўйича даволаш услублари эскирган. Ҳамшираларнинг иш доираси кенг эмас.
Бугунги кунда гипертония, юрак ишемик ва сурункали ўпка хасталиклари, бронхиал астма, қандли диабет, гепатит каби энг кўп учрайдиган 7 та касаллик гуруҳи бўйича даволаш стандартлари халқаро талаблар асосида янгиланди. Йил якунигача яна 300 та клиник протоколлар қайта кўриб чиқилади. Беморларга одатий текширувларни белгилаш, дорисиз даволаш каби вазифалар шифокордан ҳамширага ўтказилади. Поликлиникаларда беморлар ҳаракати тартибга солиниб, шифокорларга навбат кутиш вақти камайтирилади.
Маълумки, уч йил аввал тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида тиббий суғурта механизмлари йўлга қўйилган эди. Бу соҳадаги кўплаб камчиликларни кўрсатиб берди.
Тиббиёт муассасалари етарлича рақамлаштирилмагани сабабли суғурта тизими тўлиқ ишламаяпти. Шифокорларнинг кўп вақти ҳисобот тўлдиришга кетаяпти.
Шу боис Тошкент шаҳрида соҳани рақамлаштириш бўйича намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун барча муассасалар янги компьютер ва техника воситалари билан жиҳозланади. Йил якунигача “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” тизимлари ишга туширилади.
Шунга асосланиб, 2024 йилда пойтахтимизда давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади. Эътиборлиси, бу аҳоли томонидан тўланаётган умумий солиқлар ҳисобидан бўлади ва одамлардан қўшимча бадаллар ундирилмайди.
Тиббий суғурта доирасида:
— давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади;
— беморларни ўзлари бириктирилган оилавий шифокорлар орқали тор соҳа мутахассисларига ёки шифохоналарга йўллаш тизими ташкил қилинади. Бунда ушбу тартибга риоя қилинган ҳолдагина бепул тиббий хизматлар кўрсатилади;
— аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.
Тез тиббий ёрдам тизими таҳлил қилинар экан, асосий муаммо мурожаатларни касалликнинг оғирлигига қараб сараламаслик билан боғлиқ экани кўрсатиб ўтилди.
Шу боис тез ёрдам “колл-марказ”ларида беморларга шифокор маслаҳати ҳам йўлга қўйилиши белгиланди. Бу йил Тошкент шаҳрида, келаси йили бошқа ҳудудларда парамедик ва педиатрик бригадалар ташкил қилиниши айтилди. Тизим ходимлари тиббий маслаҳат шифокори, чақирувни саралаш оператори, фельдшер-парамедик йўналишида қайта тайёрланади.
Тақдимотда дориларга ҳақиқий эҳтиёжни шакллантириш, уларни харид қилиш ва жойларга ўз вақтида етказиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини ҳамда харид жараёнини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг ёйиш орқали касалликларнинг олдини олиш, одамларда ўз саломатлигига масъулият ҳиссини кучайтириш ҳамиша муҳимлигини таъкидлади.