Миллий олимпия қўмитаси шарқ яккакурашлари бўйича катта фестивалга асос солди

0
280
марта кўрилган.

19 июнь куни пойтахтимиздаги «Зарафшон» киноконцерт саройида жанг санъати ва шарқ яккакурашлари бўйича катта спорт фестивали ташкил этилди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган ушбу спорт байрамида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 25 та спорт яккакураш федерация ва ассоциациялар вакиллари иштирок этишди.

Фестивалда шарқ яккакурашлари ҳисобланган каратэ ва таэквондонинг турли йўналишлари, шунингдек, бокс, дзюдо, самбо, ушу, пенчак-силат, муайтай, кикбоксинг, ўзбек жанг санъати, қўл жанги, турон каби спорт турлари вакиллари ўзларининг кўргазмали чиқишлари билан йиғилганларни ҳушнуд этишди.

Ушбу ажойиб ҳаракатлар томошабинларда катта таассурот қолдирди ва давомий олқишларга сазовор бўлди. Қолаверса, фестивалга ташриф буюрганлар таниқли мураббий ва спортчилар билан мулоқот қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар. Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Шарқ яккакурашлари федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортимиз юлдузлари ва мухлислар иштирок этишди. Таниқли хонанда ва эстрада юлдузларининг иштироки эса спорт байрамига ўзгача файз бағишлади.

Мазкур фестивални ўтказишдан кўзланган энг асосий мақсад – айни пайтда тарқоқ ҳолда фаолият юритаётган федерация ва ассоциацияларни ягона мақсад йўлида бирлаштиришдир. Хабарингиз бор, Миллий олимпия қўмитаси сўнгги пайтларда ноолимпия спорт турларидаги етакчи, иқтидорли спортчиларни Олимпия оиласига мансуб спорт турларига, яъни, бокс, дзюдо, каратэ, таэквондо WTF каби турларига йўналтириш ишларини амалга оширмоқда.

Бу борада бугун ташкил этилган фестиваль муҳим қадамлардан бири бўлди. Ушбу тадбир уларни ўзаро ҳамкорликда, ҳамжиҳатликда ишлашга ўзига хос даъват бўлди. Бундан буён ана шундай фестивалларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.