«Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси»га асос солинди

0
607
марта кўрилган.
30 март куни Миллий олимпия қўмитаси анжуманлар залида республикамиздаги олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган бир қатор мутасадди ҳодимлар иштирокида йиғилиш ўтказилди.
 
Унда шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти Умид Аҳмаджонов, Бош котиб Жасур Матчанов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Адлия вазирлиги, «Баркамол авлод» спорт жамияти ва «Талаба» спорт Ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этишди. 
 
«Хабарингиз бор, бугунги кунда талабаларимизни спортга жалб қилиш масаласини ҳам алоҳида кўриб чиқяпмиз. Бундан буён талабалар ўртасида жамоавий спорт туларини ривожлантиришимиз керак. Республикамизда 80 дан ортиқ олий ўқув юртлари мавжуд. Энди улар ўртасида турли мусобақалар ташкил қиламиз. Яхши биламиз, мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида спорт билан шуғулланиш учун яхши шароитлар бор. Аниқроқ айтадиган бўлсам, у ерда тайёр базалар мавжуд. Талабалар ичидан ҳам кучли спортчиларни саралаб олишимиз керак. 
 
Янги тақвим-режа ишлаб чиқиб, қизиқарли ва оммабоп мусобақалар янги йўналишда ташкил қилинади. Бундай турнирлар талабаларнинг ўзи учун ҳам жуда қизиқ бўлади деб ўйлаймиз.
 
Мақсадимиз барча талабаларни спортга жалб қилиб олиш. Улар ўқишдан бўш вақтида спорт билан шуғулланишсин», — деди Миллий олимпия қўмитаси раҳбари Умид Аҳмаджонов. 
 
Шундан сўнг Бош котиб Жасур Матчанов конференция кун тартиби билан таништириб ўтди.
 
Ҳисобот сайлов-конференциясида бунгача фаолият олиб борган “Баркамол авлод”  спорт жамияти ҳамда “Талаба” спорт ассоциацияси негизида янги “Ўзбекистон талабалар спорти Ассоциацияси” ташкил қилиш таклифи берилди. Мазкур таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. 
 
Янги Ассоциация раиси лавозимига Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Уришевич Мажидов номзоди таклиф этилди. Делегатлар бир овоздан ушбу номзодни қўллаб-қувватладилар. Бош котиб лавозимига эса Ўзбекистон «Баркамол авлод» спорт жамияти Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Эркин Ибрагимович Қодиров сайланди. 
 
Шунингдек, Ассоциация вице-президентлари лавозимларига Ўзбекистон спорт фаҳрийлари кенгаши раиси, Миллий олимпия қўмитаси Президенти маслаҳатчиси Комилжон Худойберганов, Спорт фаҳрийлари кенгаши раиси маслаҳатчиси Рашид Қодиров, Тошкент давлат Иқтисодиёт университети кафедра мудири Александр Истоминлар сайланишди. 
 
Конференцияда шунингдек, Ассоциация Ижроия қўмитаси ва унинг низоми тасдиқланди. 
 
“Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси” Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб боради. Ўз навбатида Умид Аҳмаджонов янги ташкил этилган Ассоциацияга зарур ёрдам кўрсатилиши ва молиявий томондан қўллаб қувватланишини ҳам таъкидлаб ўтди. 
 
Йиғилишда Ассоциация вице-президентлигига сайланган Комилжон Худойберганов сўз олиб, ишни тўғри йўлга қўйиб олиш учун барча шароитлар бор эканлиги, мавжуд камчиликлар эса бартараф этилиши ҳақида гапирди. 
 
Бундан буён юртимизда ташкил қилинадиган уч босқичли спорт ўйинлари энди бошқача йўналишда, янги форматда ўтказилиши маълум қилинди. Конференция давомида бундан буён олий ўқув юртларида спортнинг волейбол, баскетбол, гандбол ва стол тенниси бўйича терма жамоалар ташкил этиш ва мазкур жамоалар ўртасида мунтазам мусобақалар ўтказиш тизимини ишлаб чиқиш бўйича мутасадди ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди. 
 
“Мақсадимиз талабаларни оммавий тарзда спортга жалб қилиш ва шу орқали ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш. Уларнинг ўқишдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига шароит яратиш. Аввал ҳудудий кейинчалик эса Республика миқёсида бўлиб ўтадиган мусобақалар орқали мамлакат терма жамоасини шакллантирамиз. Спортчи-талабалар орасида энг муносиблари кейинчалилк Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади, — деди МОҚ раҳбари.
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.