Италиянинг Неаполь шаҳрида Бутунжаҳон талабалари ўртасида ўтказилаётган Универсиада-2019 ўйинларида таеквондо бўйича ўтказилган баҳсларда -63 кг вазн тоифасида иштирок этган юртдошимиз Ниёз Пўлатов универсиаданинг кумуш медалини қўлга киритди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.
Дастлабки жангларда Хорватия, Италия ва Туркия вакилларини мағлубиятга учрата олган спортчимиз ярим финалда хитойлик Ву Йичаодан устун келди.
Ҳал қилувчи баҳсда эронлик Сороуш Aҳмедга қарши даянга чиққан юртдошимизга бироз омад етишмади. Финал жангининг асосий вақтида 10:10 ҳисоби қайд этилган бўлса, қўшиб берилган вақтда 2:0 ҳисобида эронлик таеквондочи устунлик қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон делегациясига ёзги Универсиадаги бешинчи медални таеквондочимиз Ниёз Пўлатов тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги тўртта бронза медалини дзюдочиларимиз қўлга киритишган эди.