Италиянинг Неапол шаҳрида давом этаётган ёзги универсиада ўйинларининг дзюдо баҳсларида -73 кг вазн тоифасида иштирок этган юртдошимиз Ҳикматилло Тўраев делегациямиз ҳисобига навбатдаги бронза медалини қўшиб қўйди, дея хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.
Ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлаган Тўраев дастлаб латвиялик Aбулфазс Насировни ва Шимолий Кореялик Ким Чол Гвангни мағлубиятга учратди. Ярим финал йўлида мезбон вакили Гисмондо Aндеарадан устун келган Тўраев финал йўлланмасига чиқиш учун баҳсда россиялик Евгений Прокорчукга имкониятни бой бериб қўйди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда черногориялик Марко Гусични дастлабки дақиқадаёқ иппон, яъни соғ ғалаба ҳисобига мағлуб этган полвонимиз универсиаданинг бронза медалини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Универсиададаги дастлабки медалини яна бир дзюдочимиз Муҳаммадкарим Хуррамов (+90 кг) қўлга киритган эди.