Спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилинади

0
119
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси изчил ривожлантирилиб, ёшларнинг қизиқишлари қўллаб-қувватланмоқда. Сўнгги беш йилда 118 та янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди ва 110 таси реконструкция қилинди. Барча маҳаллалардаги ёшларни спортга жалб этиш бўйича илк бор “беш босқичли” мусобақалар бошланди. Апрель-май ойларида ўтган биринчи ва иккинчи босқичларда 3 миллиондан зиёд ёшлар иштирок этди.

Лекин қобилиятли йигит-қизларни саралаб, профессионал спортчиларга айлантиришга эътибор йўқ. Бунда бошланғич тизим бўлган спорт мактаблари билан Олимпия захиралари коллежлари ва Олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида узвийлик йўлга қўйилмаган. Мисол учун, 190 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бор-йўғи 10 та олимпия спорт тури ўргатилади. Спорт федерациялари Олимпия захиралари коллежлари билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Шу боис йиғилишда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Унга кўра, энди ҳар бир маҳаллада апрель-июнь ва сентябрь-декабрь ойларида мусобақалар ташкил этилиб, яхши натижа кўрсатган ёшлар электрон рўйхатга киритилади ҳамда ҳудуддаги спорт мактабида малакали мураббийлар билан бепул шуғулланиш имконига эга бўлади. Улар жисмоний тайёргарлик даражаси ва разрядига қараб, кейинги босқичга ўтказилади. Спорт мактаблари муайян олимпия спорт турлари бўйича базага айлантирилади. Мураббийларнинг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.  

Мутасаддиларга ушбу тизимни жорий этиб, яхши натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Йил якунигача 508 та маҳаллада кўп функцияли спорт майдончалари қурилиши қайд этилди.

Бугунги кунда Олимпия захиралари коллежларига 14 ёшдан катта ўсмирлар қабул қилинмоқда. Оқибатда ёшларни Олимпия ўйинларига тайёрлаш кеч бошланаяпти.

Шу боис, бу борада ривожланган давлатлардаги илғор тажрибалар ўрганилди. Энди у асосида спортчиларни профессионал тайёрлаш тизими ислоҳ қилинади. Яъни, бу соҳадаги коллежлар Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази сифатида ташкил этилади. Бу марказлар 5-9-синфлар учун Олимпия мактаби, 10-11-синфлар ҳамда 1-2-курслар учун Олимпия ва паралимпия коллежи бўлиб хизмат қилади.

 Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузурида илғор тренер ва хорижий экспертлардан иборат Мураббийлар кенгаши тузилиб, мусобақаларда энг юқори натижага эришган ёшларни коллежларга саралаб олади. Коллеж битирувчилари эса келгусида Олий спорт маҳорати институтига қабул қилинади. Шу тариқа, профессионал спортчилар тайёрлашнинг узлуксиз тизими яратилади.

Спортни ривожлантириш вазирлигига 20 та истиқболли олимпия турини белгилаб, улар бўйича ҳудудий “таянч база”ларни ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги илмий салоҳият ҳам талаб даражасида эмаслиги айтилди. Маҳаллий олимлар томонидан бирорта спорт тури бўйича на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, спорт муҳандислиги, кардио-машғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмаяпти.

Шу боис, олимпия спорт турлари бўйича спортчиларни жисмоний ва руҳий тайёрлаш, соғлом овқатлантириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб Жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт диетологияси, муҳандислиги ва кардио-машғулотлар, Тиббиёт академиясида спорт медицинаси ва фармакологияси бўйича мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш топшириғи берилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.