Термиз шаҳрида Сурхондарё вилояти маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” тизимда аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
— Сизлар билан учрашиб, муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз. Бу ташрифга анчадан бери тайёргарлик кўрдик. Тошкентга боғлиқ масала қолмади. Энди берилган маблағ ва тизимни ақл билан ишлатиб, жойларда манзилли бажариш керак. Мен куйиб-пишганим билан сизлар жон куйдирмасангиз, халқнинг бири икки бўлмайди. Сурхондарёнинг ички имкониятларидан фойдалансак, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун сектор раҳбарлари фидойи бўлиб, жойига тушиб, “маҳаллабай” тизимда ишлаши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш биринчи йўналиш сифатида белгиланди.
Давлатимиз раҳбари Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманлари ривожига туртки бериш мақсадида ушбу туманларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод қилишни таклиф қилди.
Сурхондарё вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Уларнинг натижасида 25 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.
— Вилоятда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш зарур, — деди Президент.
Шу мақсадда, қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.
Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.
Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳасига оид. Хусусан, 1 минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади.
Сурхондарё мисолида томорқадан самарали фойдаланиш бўйича хонадон эгаси, тайёрловчи корхона, қайта ишловчи ва экспортчиларни боғловчи яхлит тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида 50 минг нафар ишсизнинг бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталди.
Бу йил вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 483 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган.
1 минг 230 километр йўллар таъмирланиши, яна минг километр электр тармоғи тортилиши қайд этилди.
Президент яқин 2-3 йилда вилоятда 1,5 миллион аҳолининг ичимлик суви муаммоларини тўлиқ ҳал қилиш, бунинг учун “Тўпаланг” сув омборидан 400 километр магистрал тармоқлар тортиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Молия вазирлигига вилоятда ижтимоий, коммуникация ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга 2021 йил учун қўшимча 200 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда шаҳар ва туман студияларидаги аҳоли билан очиқ мулоқот бўлди.