Сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди

0
84
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 сентябрь куни сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Охирги 10 йилда, мисол учун, Ўзбекистонда сув ҳажми 12 фоизга, ўтган йилгига нисбатан эса бу йил 15 фоизга камайган.

Пахта ва ғалла етиштириш учун сарфланаётган электр энергияси ҳамда сувни етказиб бериш харажатлари ҳам кўп. Хусусан, 2,5 миллион гектар майдонни суғориш учун 5 мингдан зиёд насос ишлатилиб, йилига 8 миллиард киловатт соат энергия ва 2,4 триллион сўм бюджет маблағлари сарфланмоқда. Бир гектар майдонга сувни насослар орқали етказиб бериш учун бюджетдан ўртача 800 минг сўм харажат қилиняпти. Эгатлаб суғориш оқибатида йилига қарийб 5-6 миллиард куб метр ёки 20 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда.

Бундай шароитда сувни тежаш ва ҳисобини юритиш ҳар доимгидан ҳам долзарб масалага айланди. Ўтган икки йилда Президент ва ҳукуматнинг шу соҳага доир 11 та қарори қабул қилиниб, ҳамма шароит яратиб берилди.

Лекин, йиғилишда таъкидланганидек, бажарилган ишлар имконият даражасида эмас. Масалан, шу пайтгача 285 минг гектар, яъни бор-йўғи 7 фоиз ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилган. Бу борада, айниқса, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятларида қолоқлик бор. Фурқат, Бўка, Чиноз, Сардоба, Тахтакўпир, Қораўзак, Касби, Қизириқ, Музработ туманларида сув тежовчи бирорта ҳам лойиҳа татбиқ қилинмаган.

Шу боис видеоселекторда сув хўжалигидаги ишлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва туманлар кесимида танқидий таҳлил қилиниб, галдаги муҳим вазифалар муҳокама этилди. Келгуси йилда сув тежовчи технологияларни жорий этишни 600 минг гектарга етказиш режа қилиб қўйилди. Бунинг учун давлат бюджетидан зарур маблағ йўналтириш, ташаббускорлар харажатининг бир қисмини қоплаш учун субсидия бериш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари ресурсларини жалб қилиб, салоҳиятли фермер хўжаликлари ва кластерларга тижорат банклари орқали кредит ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Сув тежовчи технологиялар қамрови кенгайиши билан уларни ишлаб чиқаришга ҳам талаб ошади. Бироқ, юртимизда шунга ихтисослашган 13 та корхонанинг қуввати келгуси йил эҳтиёжининг ярмини қоплашга ҳам етмайди. Шу боис мутасаддиларга Самарқанд, Тошкент ва Наманган вилоятларида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Соҳадаги яна бир инновация – кластерлар 3 минг гектардан зиёд экин майдонини лазер ёрдамида текислаш орқали сув сарфини 20-25 фоиз, ўғитни 15 фоиз тежашга, ҳосилдорликни камида 10 фоизга оширишга эришган. Давлатимиз раҳбари бу тажрибани кенг қўллаб, пахта, ғалла ва шоли майдонларини лазер ёрдамида текислаш муҳимлигини таъкидлади. Молия вазирлигига ушбу технологияни жорий қилишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан камида 250 миллиард сўм кредит ажратиш топширилди. 

Жорий йилда Қуйичирчиқ, Нарпай, Булунғур, Сардоба, Нишон, Касби туманларида сув хўжалиги объектлари хусусий шериклик асосида тадбиркорларга берилиб, намунавий лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу орқали мазкур иншоотлар модернизация қилиниб, эксплуатация харажатлари анчайин қисқаради. Йиғилишда бундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Сув исрофига сабаб бўлаётган муаммолардан яна бири шуки, бугунги кунда 3 мингдан зиёд сув ўлчаш постларининг атиги 2 фоизи, 400 та йирик сув объектининг 2,5 фоизида бошқариш тизими автоматлашган, холос. Шу боис Сув хўжалиги вазирлигига йил якунигача 150 та, келгуси йилдан барча ўлчаш постларида сувни онлайн режимда назорат қилувчи автоматлашган тизим жорий этиш вазифаси юклатилди.

Маълумки, бу йилдан қишлоқ хўжалиги корхоналарига сув солиғи бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинди. Шу билан бирга, сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилди. Президент ушбу камайтирилган ставкани келгуси йилда ҳам сақлаб қолиш зарурлигини таъкидлади.

Суғориш меъёрларини ҳисоблаш методикасини БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) талабларига мослаштириш, сув ҳисоблагичлар ўрнатган истеъмолчиларни рағбатлантириш юзасидан вазифалар белгиланди.

“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига коллектор сувларида балиқчиликни ривожлантириш бўйича топшириқ берилди.

Наманган тажрибаси асосида гидрогеологик қидирувларни кенгайтириб, ерости сувларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. 

Йиғилишда сув хўжалиги соҳасида фан ва таълимни ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди.  Ирригация ва мелиорация объектларини барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш ишларига илмий ходимларни бириктириш муҳимлиги таъкидланди. Бу орқали фан намояндалари объектларнинг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашдан уларни фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнларда қатнашиб, қурилиш ишларини илмий-техник жиҳатдан кузатиб боради. Фан ва амалиёт уйғунлиги таъминланиб, келгусидаги лойиҳалар пухта ишлаб чиқилишида қўл келади.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ва туман ҳокимлари ахборот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.