Тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаати Президент эътиборида

0
139
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан учрашувига тайёргарликнинг бориши бўйича 9 август куни йиғилиш ўтказилди,  дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Бугунги кунга қадар тадбиркорлардан 13 минг 500 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушган. Бу борада тузилган республика штаби аъзолари уларни бирма-бир ўрганиб, ҳар куни муҳокама қилиб бормоқда. Тадбиркорлар кўтарган 12 мингдан зиёд шахсий масалаларнинг ярмидан кўпи ҳозирги кунгача ҳал этилган.

Жорий йилнинг етти ойида ажратилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 92 триллион сўмни ташкил қилгани таъкидланди. Шунга қарамай, тижорат кредитлари бўйича фоиз ставкалари ва муддати қисқалиги тадбиркорлар учун энг долзарб масала экани аён бўлмоқда. Мурожаатларнинг 42 фоизи шу соҳага оид.

Президентимиз иқтисодиётга узоқ муддатли ресурсларни олиб келиш, долларлашув даражасини камайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Иккинчи долзарб масала ер ва бино ажратиш билан боғлиқ. Бундай мурожаатлар 21 фоизни ташкил этган. Тадбиркорларга бу борада имкониятларни кенгайтириш учун ҳудудларга ишчи гуруҳлар юбориб, жорий йил 1 сентябрдан аукцион савдоларига чиқариладиган ер майдонлари ва бинолар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилди.

 Хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, лицензия ва рухсатномалар олиш бўйича мингга яқин мурожаатлар келиб тушгани бу йўналишда тизимли муаммолар сақланиб қолганини кўрсатмоқда. Шунингдек, мурожаатлардан инфратузилмага уланиш борасида ҳам кўплаб муаммолар борлиги маълум бўлмоқда.

Солиқ ва божхона соҳалари, имтиёз ва преференциялардан фойдаланишга оид масалалар ҳам таҳлил қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир мурожаатни алоҳида назоратга олиб, уларга тўлиқ ечим топиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.