TASHKENT BOOK FEST – 2019 кўргазма – ярмаркаси танловида “TAFAKKUR QANOTI” нашриёти ҳам ғолиб

0
292
марта кўрилган.

«Tashkent book fest – 2019» 1-Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида  ўтказилган танловда “TAFAKKUR QANOTI” нашриёти “Энг яхши тақдимот тадбири учун” йўналишининг ғолиби бўлди.

Ушбу нашриёт кўргазмада нафақат ўз китобларини намойиш этди, балки, чоп этилган китобларнинг муаллифлари билан учрашувлар ва уларнинг асарлари  асосида саҳналаштирилган тадбирлар ўтказди.

Жумладан, ўзбекистонлик рус тилида ижод қилувчи болалар адабиёти ёзувчиси, шоира, таржимон  Лариса Юсупованинг “Сказка ложь, но в ней намек, добрым молодцам урок” номли китобининг  тақдимоти бўлиб ўтди.Тадбирни адабиётшунос олим, профессор Насирулла Мирқурбанов қисқа кириш сўзи билан очди. Асар асосидаги бир соатлик дастурни саҳна устаси режиссер Виктор Ратушный саҳналаштирди. Унда опера солистлари ва С. Кацаткина раҳбарлигидаги “Жемчужина” номли болалар эстрада-хореография жамоаси иштирок этди.

Тадбирда  мактаб ўқувчиларининг фаол иштироки ҳам эътиборга олинган бўлиб, улар тақдимот асаридан шеърлар ёд олишди.

Шунингдек, Шуҳратжон Охунжонов ҳамда ёш ижодкор Шуҳрат Хўжаевнинг «Фаришта ва Ялмоғиз» номли китобининг тақдимоти ҳам уюштирилди.

Ушбу эртак-қисса «Минг бир кеча» эртаклари, ўзбек эртаклари  ҳамда ҳозирги замон фан ва техника тараққиётидан илҳомланиб ёзилган саргузаштларга бой асар бўлиб, уни ёш авлод тарбиясининг долзарб масалалари бадиий талқин этилган сеҳрли эртаклар гулдастаси дейиш мумкин.

«Фаришта ва Ялмоғиз» эртак-қиссасида болажонларга бир-биридан қизиқ, ибратли воқеалар орқали соф виждон, ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, алдамаслик, жабр-зулмдан йироқ бўлиш, гуноҳ ва савоб ишларнинг оқибатларини тушунтириш орқали болажонларни маърифатга чорлайди.

Асарга оид томошаларни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қошидаги “Турон” театр студияси режиссери Сайфиддин Мелиев саҳналаштирди.

Меҳнатлари муносиб тақдирланган  “TAFAKKUR QANOTI” нашриёти ижодкорларини табриклаб, янада улуғвор ижодий ютуқлар тилаймиз.

 Раъно ЗАРИПОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.