«Ўзэкспомарказ» мажмуасида АОКА ташаббуси билан «Tashkent Book Fest» III халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.
Анъанага айланган тадбирда Буюк Британия, Туркия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Арманистон, Тожикистон каби қатор давлатлардан соҳа мутасаддилари, етакчи нашриётлар ва китоб савдо ташкилотлари вакиллари, маҳаллий матбаа-ноширлик корхоналари ходимлари, оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
«Tashkent Book Fest — 2022» III Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси – китобсеварлар ва мутахассислар учун улуғвор мутолаа майдонига айланди.
АОКА раҳбари «Tashkent Book Fest» III халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида қатор хориж мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Масалан, агентликда халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси доирасида ташриф буюрган Россия китоб уюшмаси президенти Сергей Степашин билан бўлиб ўтган учрашувда АОКА ва Россия китоб уюшмаси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, Агентлик директори А.Ходжаев Туркия Маданият ва туризм вазирлиги қошидаги Кутубхоналар ва нашриётлар агентлиги бош директори Али Одабаши, Туркия Ноширлар уюшмаси раиси, Халқаро нашриётчилар уюшмаси ижроия кенгаши аъзоси Кенан Кожатурк, Туркия Матбуот ва ахборот уюшмаси раиси Мустафо Карагулоглу, Турк тили Ассоциацияси директор ўринбосари Омар Гўк, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Коммуникациялар бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу билан учрашди.
Учрашувда тарихий, этник, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий маданиятни сақлаб қолиш ва ривожлантиришда китоб мутолаасини оммалаштириш, ахборот-кутубхона, ноширлик ва матбаа хизматларини такомиллаштиришнинг аҳамияти, бу борада мавжуд муаммолар ва ютуқлар, уларнинг ечимида ҳамкорлик қилиш ҳамда илғор тажрибаларни алмашиш муҳокама қилинди.
Уч кун давом этган халқаро тадбирнинг ёпилиш маросимида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, «Маънавият» нашриёти бош муҳаррири Музроб Бўронов ва бошқа масъуллар иштирок этди. Унда китоб фестивали якунлари сарҳисоб қилиниб, унинг аҳамияти, мамлакатимизда ахборот, ноширлик, матбаачилик соҳаларини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдаги муҳим ўрни алоҳида эътироф этилди.
«Бу йил учинчи бор ташкил этилган «Tashkent Book Fest» Халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг кенг миқёсда ўтгани, ўзининг мақсади, мазмуни ва моҳияти билан барча ёшдаги китобхонларнинг эътиборига тушгани, иштирокчилар сафининг кенгайгани қувонарлидир.
Қайд этиш керакки, кўргазма-ярмарка доирасида бўлиб ўтган давра суҳбатлари, семинар-тренинг ва маҳорат дарслари, китобхонлик танловлари, турли акция ва маданий-маърифий дастурлар иштирокчиларга манзур бўлди.
Шунингдек, «Tashkent Book Fest» Ҳайъат аъзолари томонидан кўргазма-ярмарка доирасида ўтказилган «Энг яхши китоб» кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари эълон қилинди.
Бош мукофот — Гран-при “Манас” ҳамда Ч.Айтматов Миллий Академиясига (Қирғизистон) “Манас”ни дунёга танитганлар” номли китоблар туркуми ҳамда ноширлик соҳасида эришган юксак натижалари учун берилди.
Шунингдек, яна бир қатор номинациялар бўйича энг яхши номзодлар аниқланиб, I-даражали Диплом билан тақдирланди.
Бундан ташқари, яна қатор қўшимча номинациялар орқали кўплаб нашриётлар тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Уларнинг тўлиқ рўйхати билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.
Ушбу тадбир «Тараққиёт стратегияси»да белгиланган “Китобсевар миллат” умуммиллий ғояси тарғиботида ҳамкорлик қирраларини кенгайтириш кўзланган мақсадларга эришишда ҳамда мутолаа маданиятини янада юксалтиришда самарали хизмат қилади
Шахсан мен учун жуда қизиқарли ва самарали тадбир бўлди. Ўйлайманки, бу барча иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Жавлон САЪДУЛЛАЕВ, III Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси иштирокчиси