Ташриф доирасида йигирма иккита ҳужжат имзоланди

0
93
марта кўрилган.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Учрашув Кўксарой қароргоҳида давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари билан бошланди. Унда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Учрашув аввалида Президент Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни Қирғиз Республикаси Президенти этиб сайлангани билан яна бир бор табриклаб, қирғиз халқининг фаровонлиги йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мулоқотда минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Кўплаб масалалар бўйича томонларнинг позицияси бир хил экани намоён бўлди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. 

Музокараларда асосий эътибор икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига қаратилди. 

Таъкидлаш керакки, бу борадаги кўрсаткичлар ижобий динамикага эга. Хусусан, сўнгги тўрт йилда ўзаро савдо беш баробардан зиёдга ўсган ва 900 миллион доллардан ошган.

Давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш стратегик шерикликнинг устувор йўналиши эканини таъкидлади. Савдо айланмасини диверсификация қилиш ва номенклатурасини кенгайтириш орқали келгуси йилларда унинг ҳажмини икки баробар кўпайтириш имконияти борлиги қайд этилди.

Шу мақсадда икки мамлакат бозорларида харидоргир бўлган, шу жумлдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлашга келишиб олинди. Савдо-иқтисодий алоқалар ривожида Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия муҳим ўрин тутаётгани эътироф этилди. Келишувларни амалга ошириш мақсадида ҳукумат раҳбарларига комиссиянинг навбатдаги йиғилишини тез орада ўтказиш вазифаси қўйилди. Савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Булар, хусусан, Қирғизистонда енгил автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, маиший техникаларни йиғишни ташкил этиш, шунингдек, чегараолди ҳудудларда тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалардир.

Ўзбекистон – Қирғизистон инвестиция жамғармасини ташкил этиш белгиланди, икки мамлакат ҳукуматларига унинг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Транспорт соҳаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш — Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг муҳим йўналиши бўлиб, ташқи бозорларга яқин ва самарали чиқишни таъминлайди. Айниқса, “Ўзбекистон –  Қирғизистон – Хитой” темир йўлининг қурилиши стратегик аҳамиятга эга.

Президентлар мазкур йўлнинг қисқа вақтда барпо этилиши икки мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келиши, минтақамизнинг транзит салоҳиятини юзага чиқариб, жозибадорлигини оширишини алоҳида таъкидладилар. Шу боис, ушбу муҳим лойиҳа бўйича ишларни биргаликда давом эттиришга келишиб олинди.

“Тошкент-Андижон-Ўш-Иркиштом-Қашғар” халқаро мультимодал йўналиши ҳам савдо ҳажми ортишига хизмат қилади. Шунингдек, икки давлат шаҳарлари ўртасида автобус, темир йўл ва авиақатновларни қайта тиклаш юк ташиш, йўловчи ва туристлар оқимининг кўпайишида муҳим омил бўлади.

Алоқаларнинг яна бир катта йўналиши – ҳудудлараро ҳамкорлик. Бу борада 2017 йил 5 сентябрда ҳукуматлар ўртасида битим ҳамда икки мамлакат вилоят ва шаҳарлари ўртасида келишувлар имзоланган. 2018 йилда Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгаши тузилган.

Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни яна фаоллаштириб, эришилган келишувлар ижросини таъминлаш, чегараолди вилоятларни комплекс ривожлантириш, давлат чегарасидан ўтказиш пунктларида аҳоли учун қулай шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди. Ушбу келишувларни ташриф арафасида Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳамда Ўш, Жалолобод, Боткен ва Норин вилоятлари томонидан келишиб олинган “йўл хариталари” доирасида амалга оширилади.

Томонлар Марказий Осиёдаги сув-энергетика ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарор механизмларини ишлаб чиқишга келишилди. Ўзбекистон Қирғизистонда гидроэнергетика лойиҳаларини амалга оширишда қатнашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашнинг муҳим омили бўлган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Фан, таълим, маданият, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирилди. Давлат раҳбарлари маданий алмашинувлар икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, маданият кунлари ва бошқа гуманитар тадбирларни қайта тиклашга келишиб олдилар.

Қирғизистон Президенти коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида, жумладан, дори-дармон ва тиббиёт воситалари етказиб бериш борасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Музокаралар якунлангач, имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари Қўшма баёнот қабул қилдилар. Шунингдек, икки мамлакат вазирликлари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашдилар. Умуман, ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Қарийб 50 та қўшма лойиҳани амалга ошириш назарда тутилган Саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, Ўзбекистон-Қирғизистон Инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисидаги битим, электр энергиясини ўзаро етказиб бериш, Қирғизистонда гидроэнергетика объектларини қуриш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидан.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев музокаралар ишонч муҳитида ўтгани, томонлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида кенг миқёсли вазифаларни ҳал қилишга тайёр эканини қайд этди.

–  Биз икки томонлама муносабатларнинг барча долзарб масалаларини муҳокама қилдик. Устувор эътибор савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш чораларини кўришга келишиб олдик. Шу мақсадда ишбилармонлар ўртасидаги алоқалар фаоллашиши учун қулай шароитлар яратилади, савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма соҳаларида умумий қиймати 900 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган янги лойиҳалар амалга оширилади. Уларнинг барчаси ҳозиргина қабул қилинган “йўл харитаси”га киритилди. Инвестиция жамғармасининг ташкил этилиши бу лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш маслаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қирғиз миллатига мансуб 300 мингга яқин фуқаролар яшайди. Уларга ўз тили, маданияти ва анъаналарини асраш ва ривожлантириш учун барча имконият яратилган.

Халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида маданият ва кино кунлари, ёшлар форумлари, фестиваль ва кўргазмалар ташкил этишга келишиб олингани айтилди.

Тадбирлар якунига етгач, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ташрифи шарафига расмий қабул маросими ташкил этилди. Маросимда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, Ўзбекистондаги қирғиз диаспораси вакиллари иштирок этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров 12 март куни Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари дўстлигининг, давлатлараро муносабатларда янги давр бошланганининг рамзи бўлди, дейиш мумкин.

Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳридаги технопаркка ташриф буюришди. Ушбу замонавий мажмуа давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қирғизистон Президентига технопаркдаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар — маиший техникалар, электрон газ ҳисоблагичлар, лифтлар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совитиш тармоқлари ҳақида маълумот берилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистоннинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Кўргазмага 24 та тармоқ ва 14 ҳудудда ишлаб чиқарилаётган мингдан ортиқ маҳсулотлар қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонда ҳам керакли салоҳият борлиги, уни юзага чиқариш учун Ўзбекистон кооперациялар ташкил этиш ва тажриба алмашишга тайёр эканини таъкидлади. Тармоқ раҳбарларига Қирғизистондаги турдош муассасалар билан яқиндан ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўзбекистон халқи номидан Қирғизистон халқига юртимизда ишлаб чиқарилаётган тез тиббий ёрдам машиналари совға қилинди. Садир Жапаров қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, доимий кўмаги ва қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.

Мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотларнинг кенг ассортименти ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.