Таъсирчан парламент назорати – самарали ижро ҳокимияти омили

0
181
марта кўрилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисидаги нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент назоратини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.  

Ўтган даврда парламент назоратининг янги шакл ва механизмлари ҳаётимизга кириб келди. Жумладан, Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – “Ҳукумат соати” институти жорий этилди. Бундан ташқари, 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни қуйи палата мажлисида кўриб чиқиш амалиёти татбиқ қилинди.

– Таъсирчан парламент орқали самарали ижро ҳокимияти фаолиятини йўлга қўйишга эришамиз. Шу сабабли халқ орасида мунозарага сабаб бўлаётган муаммолар юзасидан масъул раҳбарларнинг парламент ва маҳаллий кенгашларга тушунтириш бериш тартибини жорий қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қонунчилик палатаси қўмиталари ва бошқа таркибий тузилмалари назорат-таҳлил ишларини кучайтириши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Қуйи палатада ташкил этилган Давлат бюджети бошқармаси бюджетни шакллантириш ва ижроси устидан самарали назорат ўрнатишга хизмат қилмоқда. 

Маълумки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлат томонидан катта ҳажмда маблағлар йўналтирилмоқда. Лекин уларнинг тўғри ва унумли ишлатилишини назорат қилиш борасида шу ҳудудлардан сайланган депутатларнинг иштироки деярли сезилмаяпти. Ҳолбуки, жойларда ажратилган маблағлардан нотўғри фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш, коррупция ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Шу боис халқ вакиллари ўз ваколатига асосланиб, таъсирчан назорат ўрнатиши зарурлиги таъкидланди. 

– Бюджетдан сарфланадиган ҳар бир сўм учун Молия вазирлиги халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши, барча идоралар давлат маблағининг аниқ мақсадлар учун ишлатилиши бўйича парламентдан ҳайиқиб туриши лозим. Шунда тартиб бўлади, шунда ҳамма депутат билан ҳисоблашадиган бўлади, – деди Президент.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.