ТОЖМАҲАЛ ҚУРИБ БЕРИНГ ДЕСАК БЎЛАРКАН…

0
30
марта кўрилган.

Юртлар тарихи, ватанлар кечмиши унинг асл фарзандлари номи билан ёзилади.  Фарзандлари доно, жасур мамлакатларнинг қўли узун, довруғи баланд бўлади.  Шоир, ёзувчи, драматург, журналист, арбоб Эркин Самандар туғилган юрти Хоразмни ўз асарларида улуғлаган, бор меҳрини халқининг саодати учун бағишлаган инсон эди. Романлари, драмалари, шеърлари, мақолаларини ўқиган ҳар ким Хоразм нафасини ҳис қилиши табиий. Шоир “Хоразм фарзандиман” деб айтишга минг бора ҳақли эди.

Саксонинчи йилларнинг охирида ўн тўрт нафар кишилардан иборат президент маслаҳатчиси лавозими тайинланди.  Эл таниган, ҳурматли кишилар сафида Эркин Самандаров ҳам борлиги ижод аҳлини севинтирди.

Ўша йиллар негадир  Навоий номи билан аталувчи ёш вилоятни тугатишга қарор қилинди. Вилоят ўз ўрнида қолишини ёқловчилар ташаббускор гуруҳ тузиб олишди. Анча уринишиб, президент қабулига кира олмадилар. Кимнингдир эсига мен тушдим. Келиб, ёрлам сўрашди. Йўлини ҳам ўргатишди:

— Сиз шоирсиз, барча ижодкорлар бир – бирларингизни танийсизлар. Бизнинг вакилларимизни президент маслаҳатчиси Эркин Самандаров қабул қилсинлар.

— Вилоятни сақлаб қолиш у кишининг қўлларидан келмаса керак….

— Келади! У кишини раҳмдил, халқпарвар, жиддий киши деб биламиз.

 Мен ўша пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлимининг раҳбари эдим.  Уларнинг гапига кўндим. Қўнғироқ қилиб, навоийликларнинг фикрини тушунтирдим. Одамларимиз Сизга ишонишяпти, дедим. Қарангки, ўзимиз ҳам ишонмайроқ турганимизда, Эркин ака уларга қабул кунини белгиладилар. Вилоятнинг истиқболини аниқ тушунтира оладиган уч кишини қабул қилдилар ва узоқ, батафсил суҳбатлашдилар. Ниҳоят, Навоий вилояти қайта тузилганлиги ҳақида президент қарори эълон қилинди!

Эркин Самандаров катта ёзувчи бўлгани учун бизнинг дардларимизни тўғри тушунди ва президентга далиллаб берди, деб олқишлади гуруҳ аъзолари. Ҳазил аралаш, “Навоийга Тожмаҳал қуриб беринг” десак ҳам бўларкан, деб юришди.

Эркин Самандарнинг нурли, эъзозли умри қатларида халқига муҳаббати, ижодга садоқати, ҳамиша уйғоқ қалбнинг машаққатли меҳнатлари ётибди. У кишининг нурли, ҳалол, жиддий қиёфаси мухлислари дилида барҳаёт яшайди..

Хосият Бобомуродова, шоира,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,  “Меҳнат шуҳрати” ва  Эл- юрт ҳурмати” орденлари соҳибаси.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.