Тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

0
122
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 апрель куни тўқимачилик саноати барқарорлигини таъминлаш, пандемиянинг соҳага таъсирини юмшатиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимиз тўқимачилик саноатида 2 мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда, уларда 365 минг нафар аҳоли ишлайди. Соҳанинг экспорт салоҳияти сўнгги 3 йилда 2 баравар ошди. Ўтган йили бу борадаги кўрсаткич 1,6 миллиард долларни ташкил этди.

Лекин булар ҳам ҳали етарли эмас. Соҳада резерв ва имкониятлар етарли. Хусусан, юртимизда етиштирилган пахтани тўлиқ қайта ишлаб, экспортни 15 миллиард долларга етказиш ва 3 миллиондан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш имконияти мавжуд.

Йиғилишда пандемия даврида тармоқни барқарор ишлатиш учун корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.

Жорий йил 1 апрелга қадар сотилган пахта толасининг якуний тўлов муддатини 90 кундан 150 кунга узайтиришга кўрсатма берилди.

Молия вазирлигига корхоналарнинг айланма маблағини ўзида сақлаб қолиш учун экспорт божхонада расмийлаштирилган заҳоти қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш механизмини жорий қилиш топшириғи берилди.

Келгуси 5 йилда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 4-5 бараварга кўпайтириш, таннархни рақобатчиларга нисбатан арзонлаштириб, ташқи бозорларни эгаллаш бўйича топшириқлар берилди. Бунинг учун маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириб, сифатини кескин ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Хусусан, хорижий компаниялар билан биргаликда йирик экспорт корхоналари ташкил этиб, таниқли брендлар асосида бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан кўрсатма берилди.

Шу мақсадда Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида тайёр маҳсулот экспорт қилувчи янги корхоналар учун технопарк ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан кредит линияси доирасида 300 миллион доллар маблағ ажратилади.

Йиғилишда хомашё етиштириш ва ишлаб чиқариш занжирида таннархни камайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мамлакатимизда йиллар давомида пахта толасининг ўзи экспорт қилингани учун унинг нархи Ливерпуль котировкасига боғланган эди. Аслида пахта толаси Нью-Йорк биржасида сотилади ва унинг нархи Ливерпулникидан 10 фоизга арзон юради.

Бу тўқимачилик маҳсулотлари қиймати ошишига таъсир қилаётгани қайд этилиб, мутасаддиларга пахта толаси нархини халқаро биржа котировкасига ўтказиш юзасидан топшириқ берилди.

Йиғилишда тўқимачилик корхоналарининг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шароит яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Бу соҳадаги тайёр маҳсулотларимиз экспорти асосан минтақа бозорига боғланиб қолган. Экспортёрлар Европага кириши учун 15 фоиз бож тўлаш ва 4 баравар кўп транспорт харажати қилишга мажбур бўлмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига Европа Иттифоқи бозорлари учун “GSP+” мақомини олиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси кўмагида маҳсулотларни “BSI” стандартлари асосида сертификатлаш ишларини жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. Экспортёрлар харажатларини субсидия қилишни янада кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.