Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 апрель куни тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Тўқимачилик барча ҳудудларимизда кенг тарқалган ва аҳолини энг кўп банд қилган салоҳиятли саноат тармоғидир. Бугунги кунда 6 мингдан зиёд корхонада 570 минг киши иш билан таъминланган.
Сўнгги йилларда инвестициялар ва янги технологиялар фаол жалб этилгани туфайли соҳада натижадорлик жадал ошган. Масалан, ўтган йили 8 миллиард 200 миллион долларлик тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 7 йил олдингига нисбатан 4,2 баравар кўп.
Шунингдек, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлди. Бу йил яна учта янги бозорларга чиқилиб, экспорт географияси 83 та давлатга етди.
Бироқ унинг таркиби таҳлил қилинса, муайян камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Масалан, тайёр товарлар экспортида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши кам. Экспортнинг қарийб 80 фоизи анъанавий бозорларга тўғри келаяпти. Европага экспорт ҳажми кутилганидек эмас.
Ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин биздаги атиги 175 та корхона бундай талабларга жавоб беради. 18 та туманда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 1 миллион долларга ҳам етмайди.
Йиғилишда шу каби таҳлиллар асосида тармоқдаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
“Boston Consulting Group” хулосасига кўра, биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш имконияти бор.
Масалан, юртимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу – тайёр маҳсулотни кўпайтириш ва рақобат учун жуда катта имконият.
Молиявий қўллаб-қувватлов ҳам бор. Ўтган йил бошида газлама, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаж лойиҳалари учун 50 миллион доллар ресурс ажратилган. Бу маблағ ишлатилганидан кейин, яна 100 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳудудларда лойиҳаларни ва иш ўринларини кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
– Бу соҳада ягона тўғри йўлимиз – мавжуд хомашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий арзон бозорлардан, янги бозорларга кириб бориш, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ишлаб чиқаришнинг қулай йўлларидан бири – йирик корхоналар филиалларини маҳаллаларда очиш. Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстил” фабрикаси 11 та ҳудудий филиал очган. Бунинг афзаллиги шундаки, ортиқча вақт ва харажат қилиб, янгидан стандарт жорий қилиш ёки сертификат олиш шарт эмас. Шу боис бу амалиётни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Тўқимачилик корхоналари учун энг муҳим масалалардан бири бу – хомашё. Мамлакатимизда 1 миллион 300 минг тонна толани қайта ишлаш қуввати бор. Лекин ҳозирда 1 миллион тоннага яқин тола тайёрланмоқда. Шу боис пахта етиштириш таннархини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Пахта-тўқимачилик кластерларининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Уларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Видеоселектор йиғилишида 100 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. Президентимиз улар билан мулоқот қилди.
Тадбиркорлар тўқимачилик корхоналари қуриш, қўшилган қиймат солиғини бир кунда қайтариш амалиётини кенгайтириш, экспортолди кредитлар олишни соддалаштириш, арзон молиявий ресурслар ажратиш, миллий маҳсулотларни оммалаштириш бўйича муаммо ва таклифларини айтди.
Мутасаддиларга бу масалаларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш, зарур бўлса, қонунчиликни такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Соҳани комплекс ривожлантиришда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси муҳим ўрин тутади. Шу боис энди уни тўқимачиликнинг ҳар бир йўналишидаги тадбиркорлардан иборат Кенгаш бошқаради. Ҳар бир вилоят бўйича унинг вакиллари сайланади. Уюшма ходимлари кластерлар ва тўқимачилик корхоналарига ишлаб чиқариш, инвестиция, экспорт ва иш ўринларини кўпайтиришга кўмаклашади.
Брендлар билан ишлаб, халқаро сертификатга эга экспортчилар сонини ошириш, Европа давлатларида кенг қамровли тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Кластерларда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида тадқиқот ва ривожланиш (R&D) гуруҳларини ташкил қилиш таклифи билдирилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.