Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Карьера куни” ахборот-таништирув тадбири бўлиб ўтди.
Университетда битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳар йили анъанавий тарзда “Карьера куни” ўтказилмоқда.
Ушбу тадбирда бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган вазирлик, муассаса, ташкилот ва корхоналарга битирувчи талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилади. Ишга жойлашиш ва касбга йўналтириш бўйича мулоқотлар олиб борилади.
–Битирувчиларни иш билан таъминлашда “Карьера куни” тадбирининг аҳамияти ва самараси ниҳоятда юқори. Унда нафақат битирувчилар, балки истаган талаба қатнашиши мумкин. Чунки, унда мутахассисларнинг маърузалари, талабаларнинг қизиқишлари асосида маслаҳатлар берилади, қизғин савол жавоблар кечади, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети матбуот котиби Ойбек Қўшбоқов. – Бу галги тадбир доирасида иш берувчи ташкилотларнинг мутахассислари томонидан “маҳорат дарслари” ташкил этилди. “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини ривожлантириш концепцияси ва 2019 йилдаги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари”, “Корхонада стратегик режалаштириш”, “Тадбиркорлик субъектларининг рақобатбардошлигини оширишда банк-молия тизимининг ўрни” каби долзарб мавзуларда маърузалар тингланиб, муҳокамалар ўтказилди.
Расулбек Юсупов, университет талабаси