Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида ёшлар спорт фестивали бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ТДИУ билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ёшларни спортга кенг жалб этиш ва оммавий спортни талабалар орасида тарғиб қилиш бош ғоя сифатида олиб чиқилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, ТДИУ раҳбарияти, юлдуз спортчиларимиз, ОАВ вакиллари ва минглаб талабалар иштирок этишди.
ТДИУда турли йилларда Дмитрий Шокин, Ришод Собиров, Абдулло Тангриев, Миржалол Қосимов, Ирода Тўлаганова, Светлана Радзивил, Ислом Тўхтахўжаев каби кўплаб халқаро мусобақалар, жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган спортчиларимиз тахсил олишган. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бу жиҳатга алоҳида урғу бериб гапирди.
Мазкур фестиваль мини-футбол, стол тенниси, бокс ва шахмат спорт турлари бўйича ташкил этилди. Кескин ва муросасиз кечган беллашувлар якунида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Шунингдек, тадбирда футбол бўйича аёллар олимпия терма жамоаси, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпия ўйинлари совриндори Ўткирбек Ҳайдаров, Осиё ўйинлари ғолиби Бекзод Хидиров, профессионал бокс бўйича “WBS Silver” камар соҳиби Қудратилло Абдуқаҳҳоров, стол тенниси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Саида Маҳмудова каби спортимиз юлдузларининг иштироки ва улар ижросида ташкил этилган мастер-класс йиғилган мухлисларда бир олам таассурот қолдирди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, аргентиналик жаҳонга машҳур мутахассис Эктор Купер фестиваль иштирокчиларини қутлар экан, бу каби тадбирлар оммавий спортни ривожлантириш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.