Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

0
90
марта кўрилган.
Умумэътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ олий маълумотли юқори малакали кадрларни тайёрлашни ташкил этиш, мамлакатнинг мактабгача таълим муассасаларида кўп йиллар давомида етишмай келаётган педагог ва тарбиячилар ўрнини тўлдириш, инновацион муҳитни шакллантириш, ривожланган хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Пучон университетининг (Корея Республикаси) Тошкент шаҳрида Пучон университетини (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

2. Маълумот учун қабул қилинсинки, Пучон университети (Корея Республикаси):

ўқув бинолари, ўқув-лаборатория базаси, талабалар турар жойлари ва Университетнинг бошқа иншоотларини мебель, инвентарь, ўқув ва илмий жиҳозлар, ташкилий техника ва компьютерлар билан жиҳозлашни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлайди;

Университетнинг кутубхона фондини шакллантиришга ва уни замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга (шу жумладан, Пучон университетининг (Корея Республикаси) ресурслар базасидан фойдаланиш имкониятини яратган ҳолда), замонавий ахборот-ресурс маркази ташкил этилишига кўмаклашади;

ёш истиқболли маҳаллий илмий-педагог кадрларнинг, шу жумладан, чет элда малака оширишига кўмаклашади.

3. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ мактабгача таълим, архитектура ва дизайн соҳасида, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

мактабгача таълим, архитектура ва дизайн тизимига, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларига замонавий таълим технологиялари асосида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш бўйича илғор хорижий тажрибани жорий этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

мавжуд муаммолар ва меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда мактабгача таълим, архитектура ва дизайн соҳасида, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;

республикада мактабгача таълим, архитектура ва дизайн тизимини, шунингдек, талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларини ривожлантиришга, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, бошқа корхоналар ва ташкилотлар ўртасида мустаҳкам ўзаро ҳамкорликни ўрнатишга кўмаклашиш.

4. Белгилансинки:

Университет олий таълим муассасаси – юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулк билан жавоб беради;

Университет таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Пучон университетининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда кадрлар, биринчи навбатда, мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларга, шунингдек, архитектура ва дизайн соҳасида ҳамда талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида малакали кадрларга бўлган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланади;

Университетда таълим олиш ўзбек, рус ва инглиз тилларида, кундузги, сиртқи ва кечки шаклларда, тўлов-контракт асосида, шу жумладан, потенциал иш берувчилар – юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, асосан мамлакат минтақалари ёшларининг таълим олиши учун ажратиладиган ҳомийлик хайриялари ҳисобига амалга оширилади;

Университетга қабул 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим, корейс тили, шунингдек, архитектура ва дизайн йўналишлари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга шахслар ўртасида кириш имтиҳонлари ўтказиш орқали амалга оширилади. Кириш имтиҳонларини ўтказиш шакли, тартиби ва муддати Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Пучон университети (Корея Республикаси) томонидан белгиланади;

Университет битирувчиларига қўшимча юридик тартиб-таомилларсиз Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган Пучон университетининг (Корея Республикаси) белгиланган намунадаги дипломи берилади;

Университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Тошкент шаҳрида Пучон университетини ташкил этиш бўйича Ташкилий комиссия 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Қуйидагилар Ташкилий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Университетни ташкил этиш бўйича фаолиятни оператив бошқариш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, юридик, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;

Университетни ташкил этиш масалалари бўйича Пучон университети (Корея Республикаси) раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш;

зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, Университетни жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлаш жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Университетни ташкил этиш бўйича тасдиқланган жадвалларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат ва мониторинг олиб бориш.

6. Белгилансинки, Университет фаолиятининг жамоатчилик бошқаруви олий органи – 2-иловага мувофиқ таркибдаги унинг Васийлик кенгаши ҳисобланади. 

Қуйидагилар бўйича кўмаклашиш Васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавр ва магистрлар тайёрлаш сифатини тизимли ошириш, Университет битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг янада ривожланишини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;

таълим жараёнига ўқитишнинг илғор шакллари ва усулларини, педагогик, компьютер ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш ва молиялаштириш, самарали фундаментал (амалий) илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш, ўқув, илмий ва илмий-методик материалларни эълон қилиш, Университетда ўқув ва илмий жараёнларни оқилона интеграциялаш;

Университетнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлаш, Университетнинг ижтимоий ва маиший инфратузилмасини яхшилаш;

Университетнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига хорижий мамлакатлардан малакали ва тажрибали педагоглар ҳамда мутахассисларни жалб этиш, педагог кадрларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва уларнинг малака оширишдан ўтишларини ташкил этиш;

Университет фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун ҳомийлик хайриялари, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

талабаларни, энг аввало, етим болалардан ва ота-она васийлигисиз қолган болалардан иборат талабаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, иқтидорли талабаларни ўқитиш учун стипендиялар ажратиш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва уларнинг яшаш жойларида бўш вақтларини фойдали ташкил этиш, шунингдек, талабаларнинг дам олишлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳанинг юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2018/2019 ўқув йилида ва кейинги йилларда Университетга қабул қилиш квоталарини ва ўқиш учун контракт суммасини белгилаш;

махсус стипендиялар бериш орқали Пучон университетига (Корея Республикаси) ва хорижнинг соҳавий бошқа етакчи таълим муассасаларига тажриба орттиришга юбориш учун энг истиқболли талабаларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этиш;

Университетнинг профессор-ўқитувчилар таркиби ва докторантлари учун халқаро тажриба алмашишни ташкил этиш.

7. Университетнинг Васийлик кенгаши Пучон университети (Корея Республикаси) билан келишган ҳолда:

а) бир ой муддатда:

Университет Уставини тасдиқласин, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Университетнинг тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқласин;

б) 2018/2019 ўқув йили бошлангунига қадар Университетни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи олий таълим муассасаларида фойдаланиладиган зарур ўқув-методик комплекслар билан таъминласин.

8. Университетга:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларидан келиб чиқиб, Пучон университети (Корея Республикаси), Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда ўқишнинг янги истиқболли йўналишлари ва мутахассисликларини очишга;

Университетга ўқитувчилик қилиш ва илмий иш олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ҳамда транспорт харажатларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича, тузиладиган шартномалар асосида ҳақ тўлашга рухсат берилсин.

9. Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Қатортол кўчаси, 2-берк кўча, 38а-уй манзилида жойлашган Чилонзор педагогика коллежининг бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига берилсин, кейинчалик бепул фойдаланиш учун Университетга ўтказилсин.

Чилонзор педагогика коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Университетга берилган биноларда ўқишни давом эттиришлари белгилаб қўйилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида 2018 йил учун назарда тутилган капитал қўйилмаларнинг тежалган ёки ўзлаштирилмаган лимитларини ушбу қарорнинг 9-бандида кўрсатилган бино ва иншоотларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга ҳамда уларни реконструкция қилишга йўналтириш орқали қайта тақсимланишини;

ушбу қарорнинг 9-бандида кўрсатилган бинолар ва иншоотларнинг 2019 йил ва ундан кейинги йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурининг қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектларига киритилишини таъминласин.

11. 2021 йилнинг 1 июлигача:

Университет – барча турдаги солиқларни тўлашдан ва мақсадли давлат жамғармаларига мажбурий ажратмалардан;

Университетнинг жалб этиладиган хорижлик ходимлари – ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқни тўлашдан;

Пучон университети (Корея Республикаси) – Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятидан ҳам доимий муассаса орқали, ҳам тўлов манбаидан олинган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш мақсадида ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган ускуналар, компьютер техникаси ва ташкилий техникалар, ўқитишнинг техник воситалари, адабиёт, мультимедиа маҳсулоти, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртмаларига биноан Университет хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Университет буюртмаларига биноан малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган) мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири А.В.Шин ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Мажидов зиммасига юклансин.

                   Ўзбекистон Республикаси 
                             Президенти                                                       Ш. Мирзиёев

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.