Халқ депутатлари Тошкент шаҳар сессиясида ташкилий масала кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тавсия этди.
— Тошкент мамлакатимиз учун қанчалик муҳимлигини ҳаммангиз яхши биласиз. Бу ерга раҳбар қўйиш ҳам осонмас. Шуни инобатга олиб, Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида 8 ойдан буён синадик. Тўғрисини айтиш керак, у шаҳарга келиб, муҳитни ўзгартиришга эришди. Ҳокимликнинг обрўсини оширди, тадбиркорларни ўзига эргаштира олди. Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳрининг шароитини, унинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини, бу ердаги одамларни ва фаолларни яқиндан билади. Энг асосийси, қандай қилиб одамлар учун иш жойи ташкил этишни яхши билади, — деди давлатимиз раҳбари.
Халқ депутатлари Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзодини қўллаб-қувватлади. Сўзга чиққанлар янги ҳоким ва унинг барча ўринбосарлари, барча фаоллар бир мушт бўлиб, пойтахтимизни жадал ривожлантириш бўйича бугун белгилаб берилган вазифаларни бажариш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этишини таъкидладилар.