Тошкентда Ўзбекистон Бадиий академиясида халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали бўлиб ўтмоқда. Олти кун давом этадиган фестивалда Эрон, Қувайт, Озарбайжон, Қозиғистон, Латвия сингари мамлакатлардан вакиллар ташриф буюришади, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.
Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда ижодкорлар, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, ҳайкалтарошлар иштирокида кўргазмалар, маҳорат дарслари, илмий анжуманлар, ярмаркалар ҳамда концерт дастурлари ташкил этилади. Ижодкорларнинг, шунингдек, кулолчилик, каштадўзлик, ёғоч ўймакорлиги, каби санъат йўналишларида ижод қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Санъат байрами давомида Бадиий академия академиклари, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари, таълим муассасалари ўқитувчилари маҳорат дарслари билан иштирок этишади.
Тасвирий ва амалий санъат фестивалининг асосий мақсади миллий санъатимизнинг ўтмишдан етиб келган бой мероси, бугунги салоҳияти ва энг асосийси, истиқлол йилларида етишиб келаётган ижодкорларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.