Тупроқдан мўжиза яратган аёл

0
75
марта кўрилган.

Яқинда Фарғона вилоятининг Риштон туманида бўлиб ўтган 70 дан ортиқ давлатлар иштирок этган «RISHTAN 2023 INTERNATIONAL POTTERY FORUM» халқаро кулолчилик форумида хивалик кулол ҳунарманд Дилноза Отажонова «Энг моҳир аёл кулол» номинацияси билан фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Дилнозанинг болалик хотиралари қадим Хоразмнинг Хива туманига қарашли ал Хоразмий қишлоғи билан боғлиқ экан. Қишлоқ халқ тилида ўн икки нарвон деб ҳам юритиларкан. У 1986 йилда ушбу сўлим гўшада таваллуд топади.  Унинг ота-онаси меҳнаткаш, самимий инсонлар бўлиб, қизалоқ улар оғушида бағрига шамол тегмай вояга етади.  Мактабда фақат аълога ўқиди, фанлардан, айниқса, химия-биологияга меҳр қўйди. Дўхтир бўлишни орзулади. Аммо, ҳаёт бошқа, хаёл бошқа…

Мактабни тугатгач, Дилноза “Калта минор” маҳалласига ҳунармандлар оиласига.келин бўлиб тушади. Келинликнинг илк кунларидаёқ унинг қалбида кулолликка қизиқиш уйғонди. Уч кунлик келин қайинонасининг қўлидан бодёни олди, уларга нақш қўя бошлади. Қўллари келишиб, бинойидай эплади. Катталарнинг ўша кунги қувончини айтмайсизми, уйда гўё байрам, барча Дилнозанинг рўзғорбоп келин чиққанидан хурсанд эди.

 Лойга бўлган иштиёқ, тупроқнинг хуш ифори унинг буткул оромини ўғирлаганди. У янги-янги шаклларни, рангларни ҳосил қилишни ўйлай бошлади. У  тўнғич фарзандига ҳомиладорлигига ҳам қарамай қайинонаси Мунаввар аядан изн олиб турмуш ўртоғи Дилшод билан Фарғонага йўл олди. Мақсад, Риштонга бориб, донғи кетган усталар гурунгини олиш, улар ясаган буюмларни кўриб, тажриба алмашиб қайтиш эди. Бу ерда уни ҳамма нарса ўзига тортар, у завқланиб томоша қилар, юриб-кўриб чарчамас, кунни кулоллик цехларида ўтказар, ҳар бир нарсага диққат-эътиборини қаратар, кеч тушгачгина ёшлар меҳмонхонага қайтишарди. Шу тариқа Дилноза Хоразмга янги ғоялар, янги режа ва хуш кайфият ила қайтди.

У тўғри йўлни танлаган, оқилона қарорга келганди. Билъакс ўзгариш бўлмас экан, ўсиш, ривожланиш бўлмайди. Бирдан ҳамма нарса ўзгарди. Ҳаёти, касби-кори…  Оловранг бодёлар ранг-баранглик касб этиб, турли хил тусли ва ҳар хил ўлчамли бодёлар ясала бошланди. 2016 йилга бориб кичкинагина цех кенгайиб, шу асно “Хива Дилноза Кулол” оилавий корхонага асос солинди. Эндиликда қизил бодёдан ташқари лаган, коса-чойнак, пиёла, кўза, хумлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, қўшимча ишчи кучи яратилди. Ҳаракатлар, изланишлар бесамар кетмади. Ишлар юришгандан-юришар, “яратиқ” лар тобора харидоргир товарга айланарди. Аввалига Хива, Хоразм, кейинчалик Тошкент бозорларини эгаллаган Дилнозанинг “лой идиш” лари эндиликда қўшни давлатлар-Туркманистон, Қозоғистон, Россияликларнинг севимли санъат идишларига айланди. Асосийси экспорт йўлга қўйилди.   Бунга осонликча эришгани йўқ.  Саҳар туриб ишларни,чамалайди, қиладиган ишларини хомчўтини олиб, кейин иш бошлайди. Бир ёқда буюртмалар, бир ёқда ҳали адоғига етмаган янги цех қурилиши, бир ёқда келинликни уддасидан чиқиш яьни оиладагилар кўнглини олишни ҳам унутмаслик, рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси, дам у ёққа — дам бу ёққа чопиш…

Тинимсиз меҳнат, изланиш, интилиш, ҳаракатлари шарофатидан элда азиз, юртда машҳур бўлди. Дилноза шу кунгача кўпгина кўрик-танловларда қатнашиб, фахрли ўринларга сазовор бўлади. 2022 йилда Туркиянинг ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ТИКА) нинг 10 000 долларлик грантини қўлга киритади. Яна ўша йили “Ибратли оила” кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўрин, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг республика босқичида эса 3 ўринга сазовор бўлди.  Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган  “Энг намунали иш берувчи” кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритиб, 30 млн. пул мукофотини ҳам қўлга киритади.  Ўзбек ва Туркман халқлари дўстлиги фестивалида иштирок этган Дилноза у ердан янада руҳланиб қайтади. Орадан сал вақт ўтиб эса ёш уста Ўзбекистон Республикаси халқ амалий саньати усталарининг миллий каталогига киритилади. Эътироф, хурмат-эҳтиром уни янада ғайратлантирди. “Хива Дилноза кулол” оилавий корхонаси раҳбари Дилноза Отажонова “Йил аёли” миллий кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб,  “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритиб, махсус диплом, қимматбаҳо совға билан тақдирланади.

 Ёдимда, бир замонлар ота-боболаримиз фойдаланиб келган сопол идиш-товоқларни урфдан қолди дея четга сурган, улар ўрнини хорижнинг қимматбаҳо идишлари – “Мадонна” каби сервизлар эгаллаган эди. Вақтнинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилди. Биз хатоимизни англадик ва аждодларимиздан мерос, аҳамиятлиси инсон организми учун фойдали бўлган сопол идишларимизга  қайтдик.     Қувонарлиси, бугун улар Дилнозага ўхшаган кулоллар қўлида янада кўркамлашиб, янада замонавийлашиб, нафақат бизни, ҳатто хорижлик сайёҳларни ҳам мафтун этмоқда.

Мавлоно Румийда шундай ибора бор: “Инсон ҳамиша ўзи кўрмаган, эшитмаган ва ўйламаган бир нарсага ошиқдир”.  Дилноза Отажонова ҳазрат Румий таъбирича ўша бир нарса-янгиликка ошиқ бўлди.  Ошиқлик кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшди. Ўқиди, уқиди. Меҳнатлари орқасидан элда обрў топди. Ота-онасига раҳмат, оиласига файзу-барокат олиб келди.  Ҳаёт давом этар экан, унинг меҳнатга, янгилик яратишга ошиқлиги ҳам давом этади.                                                       

  Сайёра Солаева, Хоразм 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.