Бирлашган Миллатлар ташкилоти халқаро рейтинг кўрсаткичига кўра, Ўзбекистон 2018 йилда урбанизация даражаси бўйича 233 мамлакат орасида 155-ўринни эгаллади.
Мамлакатимизда шаҳарларни ривожлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 50,6 фоизи шаҳарларда яшайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Пресс-холлида Иқтисодиёт ва саноат ҳамда Қурилиш вазирликлари билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, барқарор ривожланишнинг урбанизация жараёнини фаоллаштириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида алоҳида вазифалар белгиланган. Жумладан, мамлакатда урбанизация даражасини 2030 йилгача 60 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.
Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил қилинди. Мазкур агентлик мамлакатимизда урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ташкилотдир.
Матбуот анжуманида урбанизация жараёнини фаоллаштиришга доир белгиланган чора-тадбирлар ҳақида гапирилди.
Манбаа: ЎзА