Урганчдаги Хотира майдони ёҳуд гужумлар хиёбони

0
719
марта кўрилган.

Хоразм – ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳларни ўзига жалб этувчи ажойиб манзаралар, қадимий тариҳий масканларга тўла ғаройиб  ўлка! Амударё адрларига ёнма-ён жойлашган Урганч шаҳри эса вилоят ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассамлаштирган бетакрор маскан!

Урганч шаҳри аэропортидан чиққан заҳоти жаҳонга танилган алломалар – Муҳаммад ал Хоразмий, Абу Райхон Беруний ҳазратлари рамзий мақбараси саҳнидаги булутларга етгудек шох отган маҳобатли дарахтлар ҳайбати ила ёши ўн асрга тенг алломаларни улуғлаб, алқаб ўзбек халқи тарихи буюклигини ифодалаб туради.

 Авесто ва Жалоладдин Мангуберди майдонлари айни чоғда зиёратчилар қадами узилмайдиган масканга айланган. Шовот бўйлари саҳнида қад тиклаган кўкка бўй чўзган дарахтлар, чамандек очилган гуллар баҳри дилингизни очади. Мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшаётган кархоналар, бир-бири билан бўйлашган гўзал бинолар, сайёҳларга муносиб хизмат кўрсатаётган меҳмонхоналар  шаҳар кўркига кўрк қўшиб туради.

Урганч шаҳрининг қоқ юрагида яна бир гўзал маскан бор.  Хотира майдони! Матомсаро она тимсоли ёнида хоки ўзга юртларда қолиб кетган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – жангчилар хотирасига  қўйилган ёдгорлик– битиклар уларнинг номларини абадийлаштириб турибди.  Ана шу ёдгорлик атрофида паёндоздек тўшалган ёрқин рангли, хушбўй турфа гуллар, гиёҳлар билан безатилган гужумлар  водийси яратилгани мени ҳайратга солди.

Мен унга гужумлар водийси дея ном қўйдим. Қатор- қатор  экилган гужумлар гўё абадий уйқуга кетган шоҳидларнинг қўриқчиларига ўхшайди. Қуюқ баргли дарахт Ватан учун жон фидо қилган ўғлонлар манзилини ўзининг оромбахш  сояси билан буркаган. Хотира майдони эзгулик, тинчлик йўлида фидо бўлган юрт фарзандларига меҳр-оқибат, садоқатни ифодалаб турибди.

  Табиат мўъжизаси  гужум – нафис барглари гуркираб қуюқ ўсувчи шакли-шамойили ер шарини, унинг думалоқлигини ўзида ифодалаб турувчи ёши ўн асрга тенг кўп йиллик ўсимлик. Гўзаллик тимсоли бўлмиш дарахт ёмғир қуйиб ёғса ҳам бир томчи сув остига ўтмайди. Офтобли кунларда дарахт ости салқин ва оромбахш бўлади. Қадимда беланчак ва бешиклар ундан тайёрланган. Зеро, унда ётган боланинг умри гужум каби узоқ бўлиб, элга таянч, юртга суянч бўлсин, деган ниятлар мужассамлашган.

Халқимизнинг бешикка чақолоқни белаётганда элга “гужумдек соя, узумдек мева берсин” деган дуолари ҳам ана шундан келиб чиққан. Гўё гужумлар  манзил маконига келган мамлакатимиз фарзандларига, зиёратчиларга узоқ умр тилаб тургандек… Дарҳақиқат, инсон қўли билан яратилган табиат мўъжизаси гужумлар водийсининг ҳавоси роҳатижон, ям-яшил арчалару гуллар  ҳиди уфуриб, дилга, руҳиятга осойишталик бағишлаб туради.

Гужумлар водийсидаги фавворалар бугунги кунда Урганч шаҳрига кўрк қўшиб турган юксалиш ва ободликнинг рамзидир. Кўкка интилиб, яна ерга тушиб, атрофга оромбахш салқинлик улашаётган томчиларда қуёш акс этади. Улар бугунги  шукуҳли кунларимизни инсонпарвар, эъзозли қадриятларимизни, анъаналаримимизни  эслатади.

Шоҳид кетган жангчилар хотирасига битилган ёдгорлик пойида келинчакдек безанган хотира майдони  Урганч шаҳрига алоҳида кўрк бағишлаб турибди.  Ўзбек халқининг бахтли турмуши, фаровонлиги ва ижодкорлиги, ташаббускорлиги тимсолидир! Ҳар баҳору кузда дарахтларга шакл берилади, гуллар янгиланади. Айни кунда ёдгорлик қайта таъмирланиб, унга янада зеб берилаётир. Тахта ўймакорлиги  санъатининг намунаси нақшинкор устунлар, пешайвонларга қайта ишлов берилиб янгидан лак билан қопланаяпти.  

Бу ерга номлари битилган юртдошларимизнинг руҳлари осойишталик топиб, жаннат аҳли қаторидан жой олишларида тилакдошмиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.