УСТОЗЛАР ИБРАТИ ЁШЛАРГА ЎРНАК

0
357
марта кўрилган.

Таниқли публицист ва ношир, “Ўзбекистон хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Эл–юрт ҳурмати” ордени, “Жасорат” медали соҳиби, Зиёд Исламович Эсенбаевнинг Ўзбекистон журналистика ривожига қўшган ҳиссасини кўпчилик яхши билади.

У файзли умри давомида туман, вилоят ва республика марказий газета ва журналларида самарали фаолият кўрсатган. Қарийб йигирма йил Ўзбекистон Давлат матбуот қўмитаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасини бошқарган. Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватловчи жамғарма бошқаруви раиси лавозимида ҳамда “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири сифатида ўз маҳорати ва билимини намоён этди. Шу тариқа мустақил Ўзбекистон журналистикаси ривожи ва ёш мутахассисларни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшди.

2021 йил 21 июнь куни давлат ва жамоат арбоби Зиёд Есенбоев таваллудига 100 йил тўлади.

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан устоз журналист хотирасига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вакиллари, З.Есенбоевни яқиндан билган, ўз даврида у билан бирга ишлашга муяссар бўлган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси “Фахрийлар кенгаши” раиси Жаббор Раззоқов, фахрий ношир Ботир Диёров, таниқли журналист ва адиб Неъмат Ёқубов, фахрий журналистлар Ўткир Зокиров, Ҳамид Султонов, Солиҳ Ёқубов, Ирисмат Абдухолиқов ва бошқалар аввал ”Минор” қабристонига бориб, устоз қабрини зиёрат қилишди. Сўнгра, З.Есенбоев хонадонига ташриф буюриб, унинг оиласи, яқинлари даврасида хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров қайд этганидек, бундай тадбирлар ёш журналистларни матбуотимизнинг шонли тарихи, оғир шароитларда, турли тўсиқларни енгиб, мардонавор фаолият олиб борган фидойи дарғалар ҳаёти ва ижодий фаолияти билан таништиришда муҳим ўрин тутади ҳамда уларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Уюшма ахборот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.