Президент Шавкат Мирзиёев 3 август куни виночилик соҳасини ривожлантириш, алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz сайтида.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 февралдаги “Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамияти ташкил этилган эди. Узум плантацияларини кўпайтириш ва виночиликни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланди.
2018 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимиз саноати 11 фоизга ўсган ҳолда, шаробсаноат тармоғидаги ўсиш бор-йўғи 0,9 фоизни ташкил этгани танқид қилинди. Ароқ ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 71 фоиз, вино – 57 фоиз, спирт – 76 фоиз, шампан виноси – 7 фоизни ташкил этган. Оқибатда биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш прогнозлари бажарилмаган.
Яна бир жиҳат – шу соҳа ривожланган мамлакатларда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш таркибида вино улуши 75-80 фоизни ташкил этади. Ўзбекистонда виночилик эътибордан четда қолиб кетган, узум виноси ишлаб чиқариш сўнгги 10 йилда 2,5-3 баробар камайган. Бирламчи вино ишлаб чиқариш корхоналари хомашё камлиги сабабли мавжуд қувватлардан атиги 15 фоиз фойдаланмоқда. Виноматериал тайёрловчи корхоналарнинг атиги 25 фоизи модернизация қилинган.
Айнан шу боис виночиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2021 йилгача “Ўзшаробсаноат” тармоғидаги узумзорларни 20 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда ушбу вазифаларни амалга ошириш, винобоп узумзорлар ва замонавий питомниклар ташкил этиш, ароқ заводларининг лицензия шартларига маълум майдонда узумзорлар барпо этиш ва тайёр вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш талабини киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Узумчилик ва узумни қайта ишлашни кескин ривожлантириш, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва янги қувватлар ташкил этишга қаратилган 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
“Ўзшаробсаноат” тизимидаги агрофирмалар фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ўзлаштирилмаган ёки самарали фойдаланилмаётган ер майдонларини винобоп узумзорлар ташкил этиш учун кластер усулида хусусий мулкдорларга бериш зарурлиги таъкидланди.
Жаҳон бозори талаби даражасидаги вино ишлаб чиқариш имконини берадиган “пино нуар”, “шардонэ”, “совиньон-блан” каби узум навлари қаламчаларини олиб келиб, қатъий карантин шароитида кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Кўпчилик мамлакатларда узумдан бошқа мевалардан ҳам вино, сирка ва сидр тайёрланади. Ушбу хорижий тажрибани ўрганиб, қайта ишланмаётган мева-чевалардан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кейинги йилларда кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Виночилик ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига инвестиция киритиш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва илғор технологияларни татбиқ этиш орқали тармоқ экспортини кескин ошириш бўйича топшириқлар берилди.
Алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, “ишлаб чиқарувчи – улгуржи сотувчи – чакана сотувчи – истеъмолчи” занжирини таъминлайдиган электрон тизим яратиш, юртимизга сифатсиз маҳсулотлар кириб келиши ва ноқонуний савдосининг олдини олиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.