Кеча Ҳиндистонда старт олган велоспортнинг трек йўналиши бўйича Осиё Кубоги миллий терма жамоамиз учун муваффақиятли бошланди. Ўсмирлар ўртасида кечган пойгаларда вакилларимиз 2 та олтин ва 1 та кумуш медалга сазовор бўлишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилади.
Айниқса, хоразмлик Беҳзодбек Раҳимбоев 10 км масофада скретч пойга ва очколар бўйича гуруҳ пойгаси йўналишларида қитъамизда тенгсиз эканини исботлаб, ҳар икки йўналишда ҳам олтин медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, жаҳон рейтингининг учинчи поғонасига кўтарилиб олган сирдарёлик Янина Кускова скретч баҳсида кумуш медаль билан тақдирланди.
Маълумот учун, Беҳзодбек Раҳимбоев жорий йил 9 июлдан 23 августга қадар Швейцарияда ўтказилган ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этиб қайтган эди.