Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрида Венгриянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Тадбирда Венгрия иқтисодий ривожланиш вазири Мартон Надь, Савдо-саноат палатаси раиси Ласло Парраг, «OTP Bank» раиси Шандор Чаньи, шунингдек, «Gedeon Richter», «Bonafarm», «Wizz Air», «Raba Holding», «Meditop», «Master Good», «Kite» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон етакчисининг хорижий ташрифлари давомида ишбилармонлар билан очиқ учрашувлар ўтказиш ўзгармас анъанага айланган. Бундай тадбирлар бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий муваффақиятларини илгари суриш, чет эл сармоядорларини ўзаро манфаатли лойиҳаларга жалб қилишга хизмат қилади.
Венгрия – Европанинг энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётларидан бири, қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм, молия ва ахборот технологиялари соҳаларида улкан салоҳиятга эга давлат.
Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Охирги 5 йилда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайди. Қўшма корхоналар ва инвестициялар ҳажми ошмоқда.
Учрашувда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электроника ва электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм тармоқлари ва автомобилсозлик каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларини тубдан такомиллаштириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг асосий натижаларини санаб ўтди: валюта бозори ва фойдани репатриация қилиш эркинлаштирилди, давлат активлари ва банкларни, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, солиқ тизими ислоҳ қилинди.
– Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тадбиркорлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, юртимизда хорижий бизнес фаолиятини кенгайтириш борасидаги ишларни давом эттириш мақсад қилинган. Энг муҳими, хорижий бизнес янгиланишларимизга ишонди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда устувор лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма фонд ташкил этилиши ва у тез фурсатда иш бошлаши айтилди.
Фақат Венгрия компаниялари учун мўлжалланган алоҳида саноат зонасини яратиш ва уни барча зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбарининг фикрича, бўлажак қўшма лойиҳалар ҳамда уларнинг доирасида венгриялик шерикларнинг илмий ишланмалари, конструкторлик инновациялари ва технологиялари ўзлаштирилиши катта синергетик самара беради.
Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия делегациясининг ҳар бир аъзоси билан алоҳида мулоқот қилди. Аниқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида батафсил фикр алмашилди. Ўзбекистон томони Венгрия ишбилармонларига уларнинг инвестиция режаларини рўёбга чиқаришда тўлиқ кўмаклашишга тайёрлиги қайд этилди.
— Ҳар бир тадбиркорни мамлакатимизга келиб, бугунги кунда инвестициялар учун энг яхши жой Ўзбекистон эканлигига шахсан ишонч ҳосил қилишга таклиф этаман! – деди Президентимиз.
Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо бердилар ҳамда мамлакатимиз бозорига чиқиш, истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлигини билдирдилар.
Куни кеча ўтган Ўзбекистон-Венгрия бизнес форумида умумий қиймати 1 миллиард доллардан зиёд инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзолангани ҳам томонлар ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигининг навбатдаги яққол тасдиғи бўлди.
Учрашув якунида илгари сурилган барча лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ муддатлар ва масъул ижрочилар кўрсатилган комплекс “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон вазирлик ва идораларига венгриялик ҳамкорларга юртимизда муваффақиятли тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилди.