Тошкент шаҳридаги 110 мактаб ўқувчилари пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги уй-музейига боришиб, бир олам таассуротлар олиб, завқ-шавқ билан қайтишди. Буларнинг барини уларнинг ҳикоялари, телефонга олган суратлари асосида ёздим. Ўзим ҳам барча невараларимни олиб боришни ўйлаб қўйдим.
Мўъжазгина ҳовлида қовокнинг 50дан ортиқ тури ўстирилади Уларнинг бири– томоша қовоқдан ясалган қўғирчоқлар, гулдонлар, рассомлик асарлари, миллий мусиқа асбоблари, ошхона идиш-товоқларидан иборат ғаройиб кўргазмасининг ижодкордалари Дилдор ва Бахтиёр Пулатовларнинг аҳил оиласидир. Бир умр физикадан дарс бериб устозлик мақомига эришган муаллимлар нафақага чиққач уйда халқона педогогикани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишни ниятлашди.
Уч қизни улғайтириб уйли жойли қилган бу оила кичкинагина ҳовлисида қовоқ етиштириб, ва улардан санъат асарлари яратиб ижод билан шуғуллана бошлашди. Шундай қилиб томоша қовоқдан уй –мухейи вужудга келди Эндиликда мўъжазгина ҳовли гавжум. Хонадон эшиги тонг саҳарлаб очилади ва қоронғи тушгунча кўргазмага келган болалар билан гавжум бўлади.
Болалар бу ерда нафақат қовоқ ўстирилаётган боғ-роғларни, қовоқ кўргазмаларини томоша қилишади. Балки, болалар вақтини мазмунли ўтказиши учун тадбирлар уюштирилади. Кичкинтойлар бу ерда қўғирчоқ томошаларини кузатиб, эртаклар эшитиши ва ўзлари ҳам қўғирчоқни ишлатиб кўриб, эртак айтиш баҳсларида қатнашиши мумкин. Ёки томоша қовоқдан ясалган рубоб ва доираларни чалиб ўзини атрофидагиларни хушнуд қилиши мумкин. Шунингдек кўргазмага келувчи болалар учун маҳорат мактаби ҳам ташкил этилади. Унда томоша қовоқдан ва ташлаб юбориладиган нарсалардан янги гўзал асар- картиналар тайёрлашга ўргатилади.
Соғлом турмуш тарзига ундовчи мусобақалар ҳам ташкил этилади. Бошига томоша қовоқдан ясалган кузани сувга тўлдириб, тагига ликобча қўйиб, қаддини тик тутиб юришга ўргатилади. Энг узоқ масофога юрган ғолиблар рағбатлантирилади.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашувдаги маърузаси ҳамда соҳани ривожлантириш, соҳа ходимларини рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ижод аҳлини, хусусан, бизларни ҳам руҳлантирди, янги ва сермазмун асарлар яратишга ундамоқда. Энг асосийси нафақада юрганда ҳам ўз касбимиз билан шуғулланаяпмиз. Ҳамиша болалар даврасидамиз, – дейди уй-музей соҳиби Бахтиёр Пўлатов.
– Ижод – бу кўнгил иши. Унда нафақат муаллифнинг, балки томошабиннинг ҳам туйғулари, қарашлари акс этади. Ана шу ҳиссиётлар учрашган, уйғунликка эришган манзил томошабин қалбидир. Болаларнинг ҳовлимизга келиб яйраб ўйнашаётганларини кўрганимизда қалбимиз ғуруру шукуҳга тўлади. Умримиз болалар орасида ўтди. Нафақада болаларнинг завқи-шавқисиз юрагимиз кемтик бўлиб қоларди. Янги йўналиш топганимиздан таълим-тарбия ишларига муносиб ҳисса қўшаётганимиздан, ҳовлимизда болаларнинг қўнғироқдек овози доимо янграб турганидан биз ҳам баҳтиёрмиз. – дейди уй соҳибаси Дилдора Пўлатова келган меҳмонларга ўз миннатдорчилигини билдираётиб.
Бу ерга келган неварам Наврўз Саъдуллаев пўкак, томошо қовоқ ва бошқа нарсалардан ясалган картинасини кўрсатиб, ўз ижодидан мамнун бўлди. Синфдошларининг бири кўғирчоқларни ўйнатиб, эртаклар сўзлаганини гапирса, бири қаддини ғоз тутиб юришда энг узоқ масофога бора олганлигини завқ-шавқ билан гапирарди. Яна бири оддий қовоқдан санъат яратилиши мўъжизаларидан олган таассуротларини ифодалашга интиларди.
Ҳа оддий қовоқни санъат даражасига олиб чиққан Пўлатовлар хонадонидаги мўъжазгина уй-музей болаларга эзгуликлар улашмоқда. Нафақада ҳам ўз ўрнини топа олган оила учун олам-олам қувjнч бағишламоқда. Буларни кузатиб, интилувчан инсон ҳар қандай ёшда ҳам ижод қилиб ўз ўрнини топа олиши мумкинлигига яна бир бора амин бўлиш мумкин.
Р. Зарипова