Халқаро робототехника мусобақасида Ўзбекистон ёшлари ғолиб бўлди!

0
319
марта кўрилган.
“InnoWeek — 2019” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўтказилган халқаро робототехника мусобақасида юртимиз ёшлари жамоавий ҳисобда биринчи ўринни эгаллади.
 
Икки ёш тоифасида (9-16 ёшдагилар “Junior” ва 17-23 ёшдагилар “Senior”) халқаро робототехника мусобақаси жорий йил 29-31 октябрь кунлари “Ўзэкспомарказ“ миллий кўргазмалар мажмуасида ўтказилди. Катталар ўртасидаги баҳс илк маротаба Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Ислом тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва ИҲТнинг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитаси (COMSTECH) билан ҳамкорликда “The First OIC Robotics Challahge” номи билан ташкил этилган бўлиб, унда ИҲТга аъзо 25 давлатдан жамоалар қатнашди.
 
Халқаро мусобақанинг биринчи кунида “Senior” ёш тоифасида “Robo-sumo” мусобақасининг саралаш босқичи ўтказилди ва 18 давлатдан келган жами 82 нафар маҳаллий ҳамда халқаро иштирокчилар кейинги босқичга чиқиш учун баҳслашди. Шунингдек, “Junior” ёш тофасидаги “Waste sort out” ва “Kegelring” мусобақаларида Марказий Осиё давлатларидан ёш иштирокчилар қатнашди. Мусобақанинг юқори даражада ўтишини таъминлаш мақсадида Малайзия, Миср, Покистон ва Туркиядан мутахассис ҳакамлар жалб этилди.
 
Мусобақанинг иккинчи кунида “Senior” ёш тоифасининг “Robo-football” йўнилишида 9 та давлатдан келган 40 иштирокчи ўртасида саралаш босқичи ҳамда “Junior” ёш тоифасида “Robo-sumo” бўйича саралаш босқичи ўтказилди.
 
Мусобақаларнинг учинчи куни икки ёш тоифасида ярим финал ва финал баҳслари ўтказилди. Ярим финал босқичида Иордания, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан иштирокчилар баҳслашди. “Senior” ёш тоифасининг “Robo-football” йўналишида Иордания, Ўзбекистон, Қозоғистон вакиллари ярим финал ўйинларида иштирок этди ва якунда Иордания ва Ўзбекистон вакиллари финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал баҳсида Иордания вакиллари ғолиб деб топилди, Ўзбекистон жамоаси иккинчи ўрин, Қозоғистон жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
 
“Robo-sumo” йўналишининг “Play-off” баҳсларида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Финалда Тожикистон вакиллари биринчи ўрин, Қирғизистон иккинчи, Ўзбекистон ёшлари учинчи ўринни эгаллади.
 
“Junior” ёш тоифасининг уч йўналишида ҳам ғолиблар аниқланди. “Waste sort out” йўнилишида Қозоғистондан келган икки жамоа биринчи ва иккинчи ўринларни, Ўзбекистон вакиллари учинчи ўринни эгаллаган бўлса, “Kegelring” баҳсида барча совринли ўринлар Ўзбекистон вакилларига насиб этди. “Junior” ёш тоифасининг “Robo-sumo” йўнилишининг ярим финал баҳсларида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан вакиллар иштирок этди. Биринчи ўринни Қирғизистон, иккинчи ўринни Ўзбекистон вакиллари эгаллади, учинчи ўрин Тожикистондан вакилларга тегди.
 
“Senior” ёш тоифасининг ғолибларига Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан ажратилган “Robo-football” йўнилишида биринчи ўринни қўлга киритган жамоа учун 6000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 4000 АҚШ доллари, учинчи ўрин учун 2000 АҚШ доллари ҳамда “Robo-sumo” йўналиши бўйича биринчи ўрин учун 5000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин учун 3000 АҚШ доллари, учинчи ўринни олган жамоага эса 1000 АҚШ долларига тенг чеклар тақдим этилди.
 
Мусобақа якунларига кўра умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон биринчи ўринни, Қирғизистон ва Қозоғистон иккинчи ҳамда учинчи ўринларни эгаллади.
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.