Халқаро Велосипедчилар Иттифоқи (UCI) Президенти Давид Лапартье бошчилигидаги делегация 21 декабрь куни Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Тошкентга уюштирлган сафари давомида Лапартьега Осиё велоспорт Конфедерацияси Президенти Усама Аҳмад Абдуллоҳ ал Шафар ҳамроҳлик қилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Меҳмонларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов кутиб олди. Шундан сўнг қўмитанинг музокаралар залида томонлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Миллий олимпия қўмитаси раиси Алишер Султанов, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, шунингдек, Ойбек Касимов ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев иштирок этишди.
А.Султанов меҳмонларни қутлар экан, велоспорт Ўзбекистонда энг оммавий спорт турларидан бири эканлигига алоҳида урғу бериб ўтди. Миллий олимпия қўмитаси Халқаро велосипедчилар Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришга ҳар томонлама тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди. Велоспорт аҳолини оммавий тарзда спортга жалб этиш масаласида жуда қулай ва самарали восита эканлигини билдирди.
Ўз навбатида Д.Лапартье самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилар экан, миллий федерациялар билан алоқаларни мустаҳкамлаш Халқаро велосипедчилар Иттифоқи учун ҳам жуда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Бу борада велоспортнинг барча йўналишларида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга ва мамлакатимизда спортнинг ушбу турини янада оммалаштириш ва ривожлантириш маслаларида ёрдам беришга тайёрлигини изҳор қилди.
Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов эса Ўзбекистонда спортга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши, мамлакатимиз ажойиб спорт инфратузилмасига эга эканлиги ва юртимизда нуфузли халқаро мусобақаларни ўтказиш учун барча шароитлар борлиги хусусида гапирди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда велоспорт турини янада ривожлантириш мақсадида 2018 йилда Тошкент велотрекида Осиё кубоги, 2019 йилда эса шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Халқаро велосипедчилар Иттифоқи ва Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ўртасида ҳамкорлик доирасини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.