Ханчжоу-2022 ХIХ ёзги Осиё ўйинларининг финалига йўл олган машҳур боксчимиз Баҳодир Жалолов ярим финалдаги ғалабаси орқали Париж-2024 ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларига ҳам йўлланмани қўлга киритди. Бу Жалолов учун фаолиятидаги учинчи Олимпиада йўлланмаси!
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халиқов ҳам финалчилар қаторидан жой олди. -57 кг вазн тоифасида иштирок этаётган юртдошимиз ярим финалда хитойлик Динг Люни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу ғалаба финал билан бирга юртдошимизга Париж-2024 йўлланмасини ҳам тақдим қилди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов қаторасига иккинчи бор Осиё ўйинларининг финалига йўл олмоқда. -51 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз ярим финалда япониялик Томоя Субоига қарши баҳс олиб борди. Икки жаҳон чемпионлари ўртасидаги баҳсда юртдошимизнинг қўли баланд келди. Шунингдек, ушбу ғалаба Дўсматовга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини ҳам тақдим қилди. Унинг финалдаги рақиби таиландлик Титисан Панмот бўлади.
Оғир атлетикачимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров Ўзбекистон делегациясига кумуш медал келтирди. -81 кг вазн тоифасида иштирок этган полвонимиз даст кўтаришда 159 кг, силтаб кўтаришда 192 кг, икки курашда эса 351 кг натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.
Маҳоратли ёш боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев Осиё ўйинлари совриндорига айланди. -80 кг вазн тоифасида иштирок этаётган ҳамюртимиз ярим финалда хитойлик Танглатихан Тўхтарбекка қарши рингга кўтарилди. Қизиқарли жанг мезбон боксчининг ғалабаси билан якунланди ва юртдошимиз Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди.
Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Жалгасбай Бердимуратов (-87 кг) делегациямиз ҳисобига ўн бешинчи олтин медални келтирди. Ҳамюртимиз финал беллашувида эронлик Носир Ализодани мағлуб этиб, Осиё ўйинлари ғолибига айланди.
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ўн етти ёшли Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди. У қайд этган 14.09 метр натижани ҳеч бир рақиби янгилай олмади ва Давронова Осиё ўйинлари чемпионлигига эришди.
Сафина Саъдуллаева олтин медали билан ўзбек енгил атлетикаси йўналишида аёллар ўртасида баландликка сакраш дастурида қитъамизда тенгсиз эканини қаторасига тўртинчи бор исботланди. Яна бир атлетикачимиз Светлана Радзивил эса кумуш медал соҳиби бўлди.
Каноеда эшкак эшиш бўйича Шоҳмурод Холмуродов ҳамда Нурислом Тўхтасин ўғли олтин медал соҳиблари бўлишди.
Сувга сакраш бўйича (10 метрли платформадан) эркаклар ўртасида саралаш баҳслари якунланди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Игор Мялин 341.30 балл жамғарди. Ушбу натижа орқали ҳамюртимиз тўққизинчи ўрин билан финалга йўл олди.
От спортининг конкур баҳсларида яккалик ва жамоавий йўналишдаги беллашувларда Баҳромжон Газиев бошчилигидаги чавандозларимиз медаллар учун курашни давом эттиришмоқда.
Gujum.uz