XIII Халқаро анжуманга келган хорижлик мутахассисларнинг таассуротлари

0
183
марта кўрилган.

Урганч шаҳрида “Central Asia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро анжумани уч кун давом этди.

Аввал хабар берганимиздек, биринчи кун ялпи мажлисда маърузалар тинглашган бўлишса, иккинчи иш кунида  иштирокчилар ўз йўналишлари бўйича тўрт шўъбага бўлинган ҳолда маърузалар тинглаб, тажриба алмашишди.»Жамиятнинг инновацион тараққиётида ахборот-кутубхона инфратузилмасининг роли», «Кутубхона хизматлари самарадорлигини оширишда етакчи ахборот технологиялари ва ресурслари», «Замонавий ахборот жамиятида мутолаа маданиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари», «Электрон архивлар, музейлар ва нодир кутубхона фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тажрибаси» шуъбаларида хорижлик ва мамлакатимизнинг етакчи мутахассисларининг маърузалари тингланди. Эркин мулоқот ила тажриба алмашишди.

Шунингдек, «Хорижий ахборот ресурслари: маълумотлар базалари ва тизимлар билан ишлаш асослари» мавзусида маҳорат сабоқлари ҳамда «UzNEL» ахборот тизимида ишлаш бўйича тренинглар ўтказилди. Учинчи кун эса қадимий Хивага саёҳат уюштирилди. Шу билан  конференция ўз ишини якунлади. 

Халқаро экспертларнинг  дил сўзлари:

 Меррис Сумралл, АҚШ Орегон штати кутубхона фонди ижрочи директори:

– Ўзбекистонда кутубхоначилик соҳасига, мутола маданиятига  берилаётган эътибордан жуда ҳайратландим. Миллий кутубхонада бир кун ўтириб ишладим. Билим масканидаги китобхонларга яратилган имкониятлар, имтиёзлар менга жуда маъқул келди. Давлатингизнинг ушбу эътибори орқали аҳоли, айниқса, ёшларнинг келажагига мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда. Конференция давомида соҳага оид илғор тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик. Гап фақат кутубхона тармоқларини такомиллаштириш ҳақида кетмаяпти, бу ерда маърифий-маданий билимлар алмашинувига гувоҳ бўляпмиз. Конференция нафақат соҳа мутахассислари билан суҳбат қуриш имконини берди, балки аҳолини, жумладан ёшларни кутубхоналарга қандай жалб қилиш йўлларини ўрганиш ва ўргатишга хизмат қилди. Мен кутубхона фаолиятига ҳомийларни қандай жалб қилиш масаласидаги тажрибамизни гапириб бердим. Ўйлайманки, анжуман мобайнида мутахассисларни қизиқтирган барча саволларга жавоб топилди. Конференциянинг учунчи куни яъни тарихий шаҳар Хивага бўлган саёҳат, Урганч шаҳридаги ёдгорликлар менда катта тассурот қолдирди. Бу ерга келиб юртингизнинг тарихи буюклигини ҳис қилдим.

Александр Липенинский, «МЕТЭК»/ProQuest АЖ электрон ресурслар бўлими директори(Россия Федерацияси):

– Ушбу конференция ахборот соҳасини ривожлантиришда коммуникацион лойиҳалар қанчалик муҳим ўрин тутишини кўрсатиб берди. Асосий эътибор кутубхона соҳасига ахборот коммуникация воситаларини самарали жорий этиш йўллари, усуллари муҳокамасига қаратилди, чунки бу давр талаби.  Конференция нафақат соҳа мутахассисларига замонавий коммуникацияларни жорий қилишни ўрганиш  имконини берди, балки мулоқотлар, тажриба алмашишлар жараёни бўлди, ёшларни кутубхоналарга жалб қилиш йўлларини ўрганиш ва ўргатишга хизмат қилди. Биз ўз юртимизга қайтганимиздан сўнг бу ерда кўрган ва эшитган тажрибаларни, кўникмаларни амалиётга татбиқ этиш устида ишлаймиз. Албатта, халқларимиз, мамлакатларимиз ҳамиша бир-биридан ўрганиб, тажриба алмашиб келган.

 Пётр Лапо, Қозоғистоннинг Назарбоев номидаги университет кутубхонаси директори ўринбосари:

– Мазкур нуфузли тадбирда кутубхоначилик соҳасининг дунё бўйича энг кучли мутахассислари жам бўлди. Мавзулар ҳар хил, аммо уларнинг барчаси соҳани ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирги кунда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари олдида турган асосий мақсад – маънан етук, яратувчилик, ижодий қобилиятга эга, билимли, эркин, ҳаётсевар, мустақил шахсларни тарбиялаш ва ривожлантиришдир. Бу  мақсадларни амалга ошириш ёшларнинг китобхонлиги даражасини оширишга сифат жиҳатдан янгича ёндашувни талаб қилади.  Биз бу ерда ана шундай соҳага янгича ёндашувларни кўрдик. Бир-биридан ўрганишга бўлган интилишни кўрдик. Ана шунга имконият яратаётган мамлакат фидойиларини кўрдик. Мазкур халқаро конференция фақатгина кутубхона ва ахборот ресурс марказлари учун тажриба алмашиш майдони бўлибгина қолмай, иштирокчи-мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 Шодимаҳмад Сўфиев, Индира Ганди номидаги Тожикистон марказий илмий кутубхонаси директори:

– Ҳар йили ўтказиладиган ушбу халқаро конференцияда иккинчи марта иштирок этаяпман. Аммо бу галги анжуман ҳар йилгидан ҳам жуда юқори савияда ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Чунки, бу сафарги маърузалар, тренинг ва маҳорат сабоқлари фойдали маълумотларга бой ва қизиқарли бўлди. Китобхонликни тарғиб этиш ва китобхонликка жалб этиш мақсадида инновацион (ноанъанавий)  усуллардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганлигини ҳикоя қилиб видеоларда акс эттириб беришди. Барчамиз улардан маънавий завқ олдик. Хивага саёҳат, Хоразмда ўтказган 3 кун қалбимда бир умр сақланиб қолади.

 Ясар Тонта, Туркиядаги Ҳожитепа университети профессори:

– Рақамлаштирилган(цифровой) тартибдаги ҳужжатлар мангу яшайди. Бу усул заҳирадаги китобларни сақлаш ва умрини узайтиришда тенгсиз  технологиядир. Унинг афзаллиги ана шунда.  Мени маърузам шу ҳақида бўлди. Анжуманда  «UzNEL» ахборот тизимида ишлаш бўйича тренинглар ўтказилди. Бу дастур ишга тушса, кутубхона берк бўлганида ҳам онлайн информация олиш имконияти пайдо бўлади. Кутубхоналарингиз замонавий технологияларга асосланаётганлиги менда  яхши тассурот қолдирди. Янги технологиялар кун сайин ривожланиб, жаҳонда ахборотлаштириш жараёнлари тобора илдам қадам ташлаётган ҳозирги даврда ёшлардан тезкор фикрлаш, янги маълумотларни зудлик билан  топиш ва ўзлаштириш талаб этилмоқда. Шуни  инобатга  олган  ҳолда фойдаланувчиларга интернет орқали хизмат кўрсатиш имкониятларини ошириш, уларнинг янги замонавий технологиялардан фойдаланиш билимларини шакллантириш мақсадидаги вазифалар самарали амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдим. Алломалар юрти бўлган Ўзбекистонга,   қадимий Хоразмга қадамим етганидан ғоят хурсандман.

Ариф Наушахи, Покистондаги Гордон ҳукумат коллежи раҳбари, профессор:

– Покистон кутубхоналарида Абу Саид Самарқандийнинг Амир Темур, Шоҳруҳ султон ҳақида 2 қисмдан иборат қўлёзма, 16-асрда ёзилган Камолиддин Ҳусайн Хоразмий қўл ёзмаси, Абулғозий Баходирхон ҳақида Абдураззоқ Самарқандий ёзган қўл ёзма сақланмоқда. Адабиётшунос Гуфта Барнохоним Алишер Навоийнинг туркий тилда ёзилган асарларини ўрганиб китоб  чоп этди. Хоразмнинг буюк ватанпарвар фарзанди Жалоладдин Мангуберди ҳақида ёзилган китоблар ҳам мавжуд.  Покистоннинг барча кутубхоналарида  Ўзбекистонда яшаб ижод қилган алломаларнинг китобларини топиш мумкин. Шунинг учун биз мамлакатингизни илм, нур манбаи деб биламиз. Ана шундай муқаддас юртга, буюклар, алломалар яшаган давлатга келганим, шундай улуғвор конференцияда қатнашаётганим учун мени таклиф этган Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ўз  миннатдорлигимни билдириб, юртингизга  эҳтиромим рамзи сифатида   Хожа Ахрор Валий  ҳақида   ёзган китобимни совға қилдим.   Бу китобга бизда талаб катта бўлгани  учун уни иккинчи марта чоп эттирдим. Буюк алломалар мамлакатига, Хожа Ахрор Валий юртига қадамим етганидан бағоят хурсандман.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, конференциянинг эзгу тилаги мамлакатимиз келажаги бўлган болаларни, умуман аҳолини зиёли қилиб тарбиялашдир.  Урганч шаҳридаги 5-сон мактабга китоб улашиш акцияси муносабати билан учрашувга борганимизда мамлакатимиз Президентининг фикрлари ифодаланган улуғвор плакатга кўзимиз тушди. Унда шундай сатрлар битилган: «Бугун битта китоб ўқиётган бола, эртага ўн нафар телевизор кўраётган болани бошқаради». Ушбу таъсирчан  битикларни мактабга кириб келаётган ҳар бир бола ҳар куни ўқийди, таъсирланади. Китобхон болаларни,  ёшларни муносиб  тарбиялашда ана шундай улуғвор мақсадларни мутола маданиятини юксалтиришни кўзлаган Халқаро миқёсдаги конференция муваффиятли якунланганидан хурсандмиз.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Суратда ўнгдан иккинчи: Меррис Сумралл, АҚШ

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.