Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ko‘ngil ko‘zi” лойиҳаси доирасида Агентлигимиз ташаббуси билан юртимизнинг барча 12 та ҳудудидаги кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатларига Янги йил «Совғалар карвони” хайрия акцияси амалга оширилди.
Хоразм вилоятига етиб келган Янги йил «Совғалар карвони”шаҳарга кириш постида кутиб олинди ва тантанали равишда Хива шаҳар 121-сон кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига етказилди.
“Кўнгил кўзи” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу хайрли тадбирни Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари С.Салаев очиб берди. Агентлик бўлим бошлиғи Х.Тўхтаров, бошқарма бошлиғи Д.Бекчанова, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Х.Бектемировлар сўзга чиқиб, мактаб-интернат ўқувчиларини байрам билан табриклашди.
Болаларга замонавий спорт анжомлари, турли мусиқа асбоблари, электрон техника воситалари, ширинликлар ва Брайль алифбосида чоп этилган кўплаб босма ҳамда аудио китобларни армуғон қилдилар.
Мактаб-интернат тантаналар залида ўқувчиларнинг шеърий ва мусиқали чиқишларини ўз ичига олган байрам тадбири ҳам бўлиб ўтди.
Д. Бекчанова