Хивада “Рақс сеҳри» халқаро фестивали  ўтказилди

0
483
марта кўрилган.

 Қадимий ва ҳамиша навқирон Хива шаҳрида 14-16 сентябрь кунлари “Рақс сеҳри” Халқаро фестивали ўтказилди.

Шарқ мамлакатлари миллий рақс санъатининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш, миллий рақс санъатини асраб-авайлаш, ривожлантириш,  ёшларда санъатга бўлган туйғуларни камол топтириш, халқлар ўртасида ўзаро ижодий алоқаларни янада улуғлаш, маданий-маърифий алоқаларни янги босқичга кўтариш ушбу тадбирнинг асл моҳиятини намоён этди. 

Уч кун давом этган ушбу санъат байрамига Республикадан иштирокчилар, дипломатик корпус вакиллари, ўндан ортиқ давлатлардан вакиллар ташриф буюришди.

Меҳмонлар миллий қадриятларимизни, урф-одат ва тўй-маросимларимизни(бешик тўйи, суннат тўйи, никоҳ тўйи) каби тадбирларимизни томоша қилиш бахтига муяссар бўлишди.  Шунингдек, наққошлик заргарлик, кулолчилик, дурадгорлик, темирчилик ва чўгирмадўзлик каби халқ ҳунармадчилиги маҳсулотларини тайёрланиш жараёнларини ҳайрат билан кузатишди.

Фестиваль доирасида вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрларининг томошалари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси, “Ўзбекистон Миллий рақс санъати” фотокўргазмаси, ҳунармандлар ярмаркаси,   таомлар кўргазмаси, фестивалнинг ёпилиши маросимида эса катта концерт дастури намойиш қилинди.

“Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва Япония, АҚШ, Бангладеш, Ҳиндистон, Индонезия каби давлатларнинг олимлари рақс тарихи, назарияси,  келажаги, миллий кўриниши, ҳар бир миллатнинг ўзига хос рақс ҳаракатлари, либослари ва бошқа масалалар юзасидан марузалар тингланди ва тажриба алмашилди.

Маданиятимизни, санъатимизни,  бетакрор гўзал урф-одатларимизни юксак дид билан таништириш имкониятини бераётган мазкур фестиваль Ўзбекистонга келган ҳар бир меҳмонда ўзгача бир таассурот қолдирди.

Зеро, бизнинг бутун дунёга кўз-кўз қилгудек осори атикаларимиз, миллий ва беназир анъаналаримиз мавжуд. «Рақс сеҳри» фестивали ҳам таъбир фоиз бўлса ана шу  шарқона анъаналаримизнинг гўзал бир ифодасидир. Шу билан бирга турфа элу миллатлар рақслари ҳам ижро этилиб,  унинг бутун гўзаллиги ва халқлар дўстлиги кўз олдимизда намоён бўлди.

Жаҳоннинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар, хорижлик меҳмонларнинг ҳайратларини юзу кўзидан, завқ-шавқ билан биргаликда рақслар ижро этишларидан ҳам англаш мумкин эди. 

Фестиваль доирасидаги барча тадбирлар  блоггерлар ва Ёшлар иттифоқининг мобил гуруҳи томонидан интернет,  телевидение ва бошқа ОАВ орқали ёритиб борилди.

                 Дилбар Бекчанова,

Хоразм вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.