Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида хизмат кўрсатиш соҳаси аҳоли бандлигини таъминлашда энг катта захиралардан бири эканлиги таъкидланди.
Мамлакатимизда унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 35 фоизни ташкил этади. Халқаро меҳнат ташкилоти таҳлилларига кўра, сервис индустриясининг 1 фоизга ўсиши камбағаллар сонини 1,5 фоизга қисқартиради.
Йиғилишда соҳа салоҳиятидан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Жойларда маиший ускуналарни таъмирлаш устахоналари, кимёвий тозалаш шохобчалари, компьютер дизайнерлиги, бухгалтерия, реклама, пуллик тиббий хизмат каби тадбиркорлик субъектлари камлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу хизмат кўрсатиш соҳасида иш ўринлари яратиш бўйича жуда катта имкониятлар борлигидан далолат беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур йўналишда камида 160 минг қўшимча иш ўрни яратиш мумкин.
Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида ахборот технологиялари соҳасида йилига 50 минг доллар экспорт қиладиган ва Top Talent рейтингининг энг юқори 3 фоизига кирадиган 21 та ёш фрилансер дастурчи бор.
Давлатимиз раҳбари шундай иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий хизматларни ўрганишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Бош вазир ўринбосарига ҳокимлар билан бирга ҳар бир туман ва шаҳар кесимида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, тармоқни тартибга солиш, ундаги методология ва статистика маълумотларини халқаро стандартларга мослаштириш вазифаси қўйилди.
Соҳани ривожлантириш молиявий кўмаксиз бўлмайди. Шу боис Президент Шавкат Мирзиёев хизмат кўрсатиш лойиҳалари учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ёки 1 триллион сўмдан зиёд кредит ресурслари ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу маблағлар ҳам давлат, ҳам хусусий банклар орқали ажратилади ва кредит ставкаси 15 фоиздан ошмайди.
Ҳудудлар раҳбарлари бу имкониятдан самарали фойдаланиб, хизмат кўрсатиш соҳасида кўп иш жойи яратадиган ва тез амалга ошириладиган лойиҳаларни шакллантириши зарурлиги таъкидланди.