Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Қорақалпоғистондан Хоразм вилоятига келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Урганч шаҳрида 31 март куни халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
– Бугун мана шу қадим ва табаррук заминда, муборак Рамазон ойида сиз, азиз юртдошларим билан кўришиб турганимдан ғоят мамнунман, – деди давлатимиз раҳбари. – Агар таҳлил қилсак, Хоразмда кўп нарсалар ўзгарди. Лекин замон шиддат билан ўтяпти, аҳолининг талаби ўсиб боряпти. Биз шунга муносиб ҳаракат қилишимиз керак. Шунинг учун ишимизни танқидий кўриб, катта-катта марралар олишимиз керак.
Йиғилиш аввалида Хоразм вилоятидаги ўзгаришлар қайд этиб ўтилди. Охирги олти йилда мактабгача таълим қамрови 22 фоиздан 79 фоизга етказилди. 131 та мактаб қурилди ва реконструкция қилинди. 580 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди.
Вилоятдаги 531 та маҳаллани обод қилишга қўшимча 1 триллион сўм, туман марказлари йўлларини таъмирлаш, пиёдалар йўлаги ва ёритгичларга 50 миллиард сўм ажратилган.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари ҳам жадаллашган. Охирги беш йилда 9 минг 500 та хонадонли уйлар фойдаланишга топширилган. Бу хайрли ишларнинг давоми сифатида Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилиши бошланди.
Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 1,5 миллиард долларлик 7 мингта лойиҳа доирасида янги корхоналар ишга тушди. Бу орқали 50 мингта янги доимий иш ўринлари яратилиб, 19 мингта оила камбағалликдан чиқарилди.
Ишлаб чиқариш 1,5 бараварга кўпайди, саноат экспорти 190 миллион долларни ташкил этди. Айниқса, тўқимачилик, автомобилсозлик, озиқ-овқат, электротехника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 2 бараварга ўсди.
Лекин вилоятда иқтисодий имкониятлар бундан ҳам кўплиги, аҳолини қийнаётган кўплаб масалалар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлатимиз раҳбари Хоразм вилояти ҳокими лавозимига Жўрабек Раҳимов номзодини тавсия этди.
Ж.Раҳимов 1981 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Меҳнат фаолиятини Шовот туманида бошлаб, сўнгги йилларда Боғот ва Қўшкўпир туманлари ҳокими лавозимларида ишлаган. У ўтган йилнинг декабридан буён Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажариб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари номзодни лавозимга тасдиқлашдан аввал унинг режаларини эшитишни таклиф этди. Жўрабек Раҳимов вилоятда тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш чораларига биринчи навбатда эътибор қаратилди. Президентимиз айтилган таклифларни маъқуллаб, улар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари учун берилган 940 миллиард сўмга қўшимча 100 миллиард сўм йўналтирилиши белгиланди. Янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали 57 минг, касаначиликда салоҳияти бор 240 та маҳаллада меҳнат қуроллари ва жой масаласини ҳал қилиб, 50 минг, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 28 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Иккинчи муҳим вазифа – озиқ-овқат маҳсулотлари балансини таъминлаш. Шу мақсадда “Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналини тиклаш” лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланади. Боғот, Шовот ва Янгибозор туманларидаги 2 минг гектарда узум, олма ва қовун плантациялари, Гурлан ва Боғотда агрологистика марказлари ташкил этилади. Паррандачилик, чорвачилик, сутни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.
Маълумки, ҳар бир туманга камида 50 миллион доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилган. Вилоят ҳокимлигига номзод бунинг эвазига туманларда қандай лойиҳалар мўлжаллангани ҳақида ахборот берди.
Давлатимиз раҳбари 14 та йирик саноат лойиҳаси инфратузилмаси учун қўшимча 100 миллиард сўм йўналтириш, Урганчда электротехника ва фармацевтика саноат парклари ташкил қилиш бўйича кўрсатма берди. 20 миллион доллар инвестиция эвазига “Дамас” ва “Лабо” автомашиналарини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Бу орқали 300 та янги иш ўрни яратилади.
Саноат корхоналари ва уй-жойларни электр энергияси билан таъминлаш чора-тадбирлари ҳам белгиланди.
Ижтимоий соҳани ривожлантириш, мактаб ва боғчалар барпо этиш, аҳолини уй-жой ва ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент мактабларда санитария ҳолатини яхшилаш, чет тили ва касбга ўргатиш хоналарини ташкил қилиш ҳамда 12 та туманда IT парк очиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Умуман олганда, Хоразмда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга бу йилги давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 триллион сўмга қўшимча 400 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди. Бундан ташқари, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 475 миллион доллар жалб қилиш бўйича топшириқ берилди.
Барча чора-тадбирлар орқали 365 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Хоразмни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш вазифаси қўйилди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг режалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ташкилий масала овозга қўйилди. Унинг натижаларига кўра, Жўрабек Раҳимов Хоразм вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
– Бугун сизлар билан аҳоли ҳаётига дахлдор барча масалаларга тўхталиб, зарур маблағлар ажратдик, вилоятга янги ҳоким тасдиқладик. Эндиги вазифа – бутун Хоразм эли ҳоким атрофида жипслашиб, мутасаддилар фидойи ва ҳалол бўлиб, бугун айтилган режа ва ташаббусларни ҳаётга, аҳоли турмуш тарзига кўчириши керак, – деди Шавкат Мирзиёев сессия сўнгида.