Хоразм вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистондаги Гёте институти билан ҳамкорликда уюштирилган Германиянинг Гиссен шаҳридаги “Математикум” музейининг барча ёшдагилар учун мўлжалланган “Математикани қўлга ол” номли кўргазмаси очилди.
Кўргазмани Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова кириш сўзи билан очди.
Тадбирнинг расмий тантанасида Ўзбекистондаги Гёте институтининг тил бўйича бўлим бошлиғи Дилдора Муҳаммадаминова, таълим соҳасида немис тили бўйича ҳамкорлик бўлими ходими Дилором Исматуллаева иштирок қилдилар.
Дилдора Муҳаммадаминова ўз сўзида, кўргазма ташкил этишдан мақсад таълим жараёнида фанлараро узвийликни тарғиб қилиш, алоҳида фанларни немис тилида ўқитиш, шунингдек, математика, информатика каби табиий ва техник фанларни ўрганишга ёшларнинг қизиқишини оширишга қаратилганлигини таъкидлади.
“Математикани қўлга ол” кўргазмаси Германиянинг Гиссен шаҳридаги “Математикум” музейининг барча ёшдагилар учун мўлжалланган интерфаол кўчма тадбирдир. Ушбу кўргазма ҳар йили 150 минглаб қатнашувчиларни ўзига ром қилиб келмоқда. Ушбу кўргазма республикамизнинг яна Андижон, Тошкент шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган.
Кўргазма бугунги кунга қадар Европа, Америка ва Осиёнинг кўплаб мамлакатларида намойиш этилган бўлиб, 2011 йилда эса Ўзбекистонга кириб келган.
Вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил қилинган ушбу кўргазма деярли бир ой давомида барча ёшдаги кишилар, ёшлар ва болаларга беминнат хизмат қилади.
Гулёр ПАЛВАНОВА