Хоразмдаги минтақавий семинар маънавият байрамига, маҳорат мактабига айланди

0
112
марта кўрилган.

Ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида китобхонлик, кутубхоналар фаолияти, мутолаа маданиятини янада ривожлантириш  давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Бу борада қабул қилинган барча ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини амалиётга жорий этиш мақсадида республика миқёсида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 26-27 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Махмуд Замахшарий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида минтақавий семинар ташкил этилди.

Ушбу анжуманга Хоразм вилоятига қўшни бўлган минатақалардан яъни Навоий, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасидаги барча ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ҳамда давлат миқёсидаги йирик 14 та вилоят ва Тошкент шаҳар Ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари иштирок этиши билан янада муҳим ахамият касб этади.

 Семинарнинг биринчи куни “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган Китоб карвони Хоразмга етиб келди. Унда 4,5 мингдан зиёд 1 миллиард саккиз миллион сўмлик “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилддан иборат асарлар мажмуаси мавжуд бўлиб, вилоятдаги 12 та туман ахборот-кутубхона марказига армуғон қилинди. Шунингдек тақдимотда мажмуанинг ижодкорлари билан учрашув ҳам ташкил этилди. Ушбу кун Хоразм китобхонлари учун ҳақиқий маънода маънавият байрамига айланди.

Вилоятдаги туман ахборот-кутубхона марказлари фаолияти билан танишиш жараёни барчамизда катта таассурот қолдирди.  Жумладан, Янгибозор, Гурлан, Хозарасп, Хива шаҳри ва туман ахборот-кутубхона марказларида ҳамда ҳар бир маҳаллада ташкил этилган кутубхоналар ва улардаги китобхонларга яратилган шароитлар андоза оладиган даражада деб айтсам ҳеч муболаға бўлмайди.

Кутубхоналарда яратилган замонавий шарт-шаромилар, мавжуд  техникалар, “Кутубхона-кафе” (Гурлан ТАКМ) иш услублари асосидаги ўқув заллари, ўлкашунослик музей (Шовот ТАКМ)ларининг ташкил этилиши ҳамда жонкуяр зиёлилар саъй- ҳаракатлари билан “Очиқ бюджет” лойиҳаларида иштирок этишиб (Хазорасп ТАКМ) 300 миллион маблағ ютиб, фондларни янги нашрлар (80 миллион), IT паркини янги техникалар (120 миллион) ва мебел жихозлари билан таъминланганлиги ва биноларнинг  таъмирланиб, дилни нурафшон қиладиган даражада гўзаллиги таҳсинга лойиқ.

 Айниқса, Урганч шаҳрида 2022 йил декабрь ойида тадбиркор Қувондиқ Абдуллаев томонидан очилган “Ёшлар кутубхонаси”, Маданият ишлари вазирлиги тасарруфидаги “Кўзи ожизлар кутубхонаси”нинг янги қуриб фойдаланишга топширилган бинолари ўзининг махобатли, қулай ва шинам эканлиги билан биз ташриф буюрганларни хайратга солди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Хоразм воҳасида вилоят ахборот-кутубхона маркази раҳбари Рахимбой Қурбоновнинг жонкуярлиги, ташаббускорлиги ила вилоят ҳокимлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлиги ҳуқудий бошқармаси раҳбари Дилбаржон Бекчанова ҳамда туман ҳокимликларининг тўла қўллаб-қувватлаганлиги натижасида ўтказилган минтақавий семинар кўзланган мақсадни ва маррани уддалади.

Биз мутахассисларга мана шундай Китоб ва маънавият байрамлари, тажриба алмашиш жараёнлари, Хоразм ўлкасининг буюк аждодлари Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Мангуберди, Огаҳий, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний ва Феруз каби буюк бобокалонлардек илмга, зиёга чексиз меҳр қўйишлари, ана шундай буюк бобокалонларнинг ворислари эканлиги, уларга муносиб издош бўлиши кераклигини чуқур ҳис этишларини англаш йўлидаги олиб бораётган тенгсиз ва хайрли иш фаолиятини республика миқёсида кенг тадбиқ этиш зарурлигини эътироф этдик.

Ишонаманки, 2 кун давомида олган билимлар, кўникмалар, тажриба алмашиш жараёни янги ташкил этилган Ахборот-кутубхона марказлари раҳбарларининг келгусида ишни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил этиши, маҳаллий ҳокимият билан ҳамкорликда ишлаши, муаммоларни ижобий ҳал этиш усуллари, фойдаланувчиларга янги инновациялар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этилиши ҳамда бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш орқали янада юксак марраларни забт этилиши кабилар зиё таратувчиларнинг иш фаолиятида мустаҳкам омил бўлиб хизмат қилади.

Хоразмдаги минтақавий семинар   кутубхона мутахассислари учун маҳорат мактаби бўлди, десак арзийди.

Ҳафиза Каримова, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.