Хотира – азиз: Сапармурод Атаев Афғонистондаги урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлган

0
139
марта кўрилган.

Гурлан туманидаги  33- ўрта мактаб ҳовлисида собиқ ўқувчимиз Сапармурод Атаев хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мавжуд. У навқирон ўн тўққиз  ёшида  1982 йили Афғон урушида  хизмат вазифасини ўтаётганида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Ҳар гал мактабимизда бўлган тантаналарда, хотира кунларида ёдгорлик пойи гулларга тўлиб кетади.  Бироқ, бу ота-онанинг дардларини, навқирон йигитнинг кўшагана ҳам кўрмай кетган, кўкка учган қалдирғочлар каби гўзал орзуларини қайтара оладими? Йўқ, албатта!

Биз педогоглар дафтар текшираётганимизда беихтиёр бирор  хато чиқмаса дилимиз ёришиб кетади. Умидлари бир олам йигитнинг ҳаётини ана шу доғ тушмаган дафтарга ўхшатавераман.

Ушбу ёдгорлик ёнидан ўтаётганимизда,  байналминал бурчини бажараётиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган навқирон йигитнинг тақдири орқали уруш даҳшатларини эслаймиз. Тинчлик буюк неъмат эканлигини яна бир бора ҳис этамиз. Чунки,  ўзимиз ҳам иккинчи жаҳон уруши асоратлари  давом қилаётганда бир даврда туғилиб вояга етганмиз.

Ёшларимиз қалбига Сапармурод Атаев тимсолида бурчга садоқат, мардлик, эзгулик  туйғуларини сингдиришга интиламиз. 

Айни кунларда Гурлан туман ҳокимияти ташаббуси ва қишлоқимиз фермерлари  ҳомийлигида ўттиз беш йиллик  ёдгорлик қайта таъмирланмоқда.

Жумагул РЎЗМЕТОВА, педогог

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.