Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ёзувчилар уюшмаси Фаоллар йиғинининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Унда таниқли ёзувчилар, шоирлар, уюшманинг фаол аъзолари, шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этдилар, дейилади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси сайтида.
Йиғилишни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид очди ва бошқариб борди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда адабиёт, маънавият ва миллий мафкурани ривожлантириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётгани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ва маънавий-ижтимоий ҳаётимизда тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади.
Йиғилишда Президентимизнинг ушбу тарихий қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марказий аппарати, шунингдек, уюшма аъзолари зиммасига масъулиятли вазифалар юкланиши ҳақида сўз борди. Қарордаги долзарб ва муҳим вазифаларни бажариш ва чора-тадбирларни амалга ошириш учун ишни янгича ташкил этиш, Ёзувчилар уюшмасига янги аъзолар қабул қилишнинг замонавий мезонлари ҳамда ёзувчининг юксак мақомини ва нуфузини сақлаш масъулияти ҳақида фикрлар айтиб ўтилди.
Мажлис кун тартибида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Муҳаммад Али соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва тарихий фаолияти ҳақида бадиий фильм сценарийсини ёзиш ва қизғин ижодий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиб беришни сўраб Фаоллар кенгашига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимидан озод этиш ҳақида ёзган аризаси муҳокама этилди. Йиғилиш иштирокчилари унинг бу таклифини инобатга олиб, уни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимидан озод этишди.
Аҳмаджон Мелибоев, Нўъмонжон Раҳимжонов, Саъдулла Ҳаким, Исажон Султон ва бошқа ижодкорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида ёзувчи-шоирларимиз, шунингдек, Ёзувчилар уюшмасининг барча аъзолари олдида турган долзарб ва масъулиятли вазифалар ҳақида сўзладилар. Муҳаммад Алининг қизғин фаолияти, устоз адиблар ва уюшма аъзоларини, шу жумладан, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб эзгу ишларни амалга оширганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Асосан бадиий ижодга эътибор қаратилаётган бугунги кунда Муҳаммад Алидек ёзувчининг тажрибасида фойдаланиш миллий адабиётитмизни янги асарлар билан бойитажагини айтдилар. Шу маънода соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги бадиий фильм сценарийсини яратиш ва уни суратга олиш долзарб вазифалардан бири экани ҳақида фикр билдирдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимига, уюшма аъзоси, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ёшлар масаласи бўйича масъул вазифага тайинлангани муносабати билан “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимига сайланди.