Янги корхона қандолат маҳсулотлари импортини қирқ фоиз қисқартириш имконини берди

0
352
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев «Амилов» қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фабрикасини бориб кўрди.

Умумий қиймати 62 миллион доллар бўлган ушбу корхона пойтахтимиздаги собиқ «Лак-бўёқ» заводи ўрнида ташкил қилинган. Завод биноси реконструкция қилиниб, жорий йил 5 октябрда ишга туширилган. Германия, Швейцария, Италия, Австрия, Голландия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган. Қарийб 830 киши доимий иш билан таъминланган.

Корхона йилига 50 минг тоннага яқин қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда бу ерда шоколад, конфет, печенье, вафли каби 60 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 

Бундай ширинликлар шу пайтгача юртимизга асосан импорт қилинарди. «Амилов» фабрикасида тайёрланаётган қандолат маҳсулотлари чет элникига нисбатан арзон ва сифатли бўлгани боис ички бозорни тез эгаллади. Натижада бундай маҳсулотлар импортини қирқ фоиз қисқартиришга эришилди. Қолаверса, корхона йилига 10 миллион долларлик экспорт қилишни режалаштирган.

Давлатимиз раҳбари фабриканинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш, бундай корхоналарни кўпайтириб, рақобатни ривожлантириш, импорт бўлаётган бошқа маҳсулотларни ҳам маҳаллийлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.