Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси

0
46
марта кўрилган.

Шу кунларда мамлакатимиз гўёки улкан сайилгоҳга айланган. Шаҳару қишлоқларда одамлар Наврўзни шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Бу йил баҳор серёғин келди. Бугун ҳам юртимизда оби раҳмат ёмғирлари ёғмоқда. Бундай чоғларда ота-боболаримиз йил яхши келишини айтиб, деҳқончиликка қут-барака, элга мўл ризқ тилашган.

Шу боис асосий байрам тантанаси “Humo Arena” мажмуасида бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизни байрам билан табриклади.

— Сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқини барчамиз соғиниб кутган Наврўзи олам билан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман, — деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Наврўз фалсафаси орзу-интилишларимиз, амалий ишларимиз билан уйғун эканини таъкидлади.

Халқимизнинг олижаноб меҳнати билан мамлакатимизда янги-янги замонавий корхоналар, шинам уй-жойлар, ижтимоий ва маданий объектлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш асосий мезонга айланмоқда.

Мамлакатимиздаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити, яхши қўшничилик, тинчликсевар ташқи сиёсат туфайли халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътибори юксалмоқда.

Табиатнинг яшариш айёми бўлган Наврўз ёшлик билан ҳам уйғун. Мамлакатимиз ёшларининг куч-ғайрати, эзгу ҳаракатларига қанот бериш мақсадида бу йил “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бунга оид Давлат дастуридаги мақсадларга 36,5 триллион сўм ва 460 миллион доллар маблағ йўналтирилиши белгиланган. Умуман, жорий йилда барча турдаги тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 миллионга яқин аҳолига молиявий кўмак кўрсатилади.

Президент ёшларимизнинг халқаро фан олимпиадалари, маданият ва санъат фестиваллари, ахборот технологиялари ва спорт йўналишларидаги ютуқларини қайд этиб, кейинги ишлари ва мусобақаларда муваффақият тилади.

Наврўзнинг ўлмас руҳи айниқса маҳаллалар ҳаётида яққол намоён.

Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Жойларда “маҳалла еттилиги” тизими самарали фаолият олиб бормоқда.

Манзилли ишлар натижасида сўнгги икки йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга тушди. Бунда 900 мингга яқин аҳолига имтиёзли кредит, 200 мингдан зиёд фуқароларга субсидия, қарийб 700 минг оилага эса деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Бу йилдан бошлаб Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида янги тажриба жорий этилмоқда. Унинг асосий мазмуни — томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, томорқа эгаларини зарур восита ва ресурслар билан таъминлаш, улар етиштирган маҳсулотга бозор топиб бериш учун кўмаклашиш, ҳар қайси оила ва маҳаллада кичик-кичик ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, сервис ва хизмат турларини кўпайтиришдир.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз бўйича 510 минг гектар томорқа ерлари борлиги, бу ҳали тўла ишга солинмаган улкан имконият эканини таъкидлади. Бу борада фаол инсонлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, томорқада етиштириладиган махсулотларни сотиб олувчи, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи тадбиркорларга 

300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилиши айтиб ўтилди.

— Маҳаллани қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Чунки, маҳалла – бу меҳр ва аҳиллик қўрғонидир. Маҳалла – оқкўнгил, бунёдкор халқимиз қалбининг кўзгусидир, — деди Шавкат Мирзиёев.

 Давлатимиз раҳбари 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни билан барчани табриклади.

Байрам тадбирида хорижий давлатларнинг элчилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди. Президентимиз уларни 21 март – Халқаро Наврўз куни билан муборакбод этиб, халқларига қизғин салом ва табрикларини йўллади.

Бу йилги Наврўз байрами фазилатли Рамазон ойида бўлиб ўтаётгани унинг файзу тароватини янада зиёда қилмоқда.

— Мана шу баҳорий лаҳзаларда барчамиз улуғ аждодларимизнинг тилакларига қўшилиб, илоҳим, ҳар кунимиз Наврўздек гўзал, Наврўздек файзли ва мазмунли бўлсин, деб ният қиламиз, — дея сўзини якунлади Президент.

Байрам шодиёнаси катта концерт дастури билан давом этди.

Тантанадан сўнг, Президент Шавкат Мирзиёев Наврўз сайлида бўлиб, миллий маданият марказлари, фольклор-этнографик жамоалар чиқишларини кузатди.

— Бу санъат, бу урф-одатларимиз тарихий. Уларнинг замирида катта маданият, маърифат бор. Бу йўналишни маҳкам тутиб, давом эттираётганингиз учун раҳмат. Байрам миллий қадриятларимиз билан файзли, — деди Шавкат Мирзиёев.

Кўпмиллатли халқимизнинг тўйи, байрамлари бир бўлиб кетган. Наврўз ҳам барча миллат ва элат вакилларининг севимли байрамига айланган. Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Ҳудудларда 38 та дўстлик жамияти ва 153 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари шундай марказларнинг кўргазмалари ва куй-қўшиқларини ҳам томоша қилди. Турли миллат вакиллари билан самимий суҳбатлашиб, эзгу тилакларини билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.